Тошкент вилоятининг Чиноз туманида фермер хўжалигига қарашли ғалладан бўшаган ер майдонида 11,6 гектар сомонпоя қолдиқлари ёқиб юборилди. Экология вазирлигининг маълум қилишича, ёнғин оқибатида дала чегара қисмига қатор қилиб экилган 17 туп тут дарахти ўсишдан тўхтамаслик даражасида шикастланган.

Бундан ташқари, ёнган ҳудудда тупроқдаги гумус ва азотнинг йўқолиб кетгани ва тупроқ унумдорлигига 24 млн 692 минг 896 сўм, ўсимлик дунёсига эса 16 млн 830 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Фермер хўжалиги раҳбари сомонпоя қолдиқларининг ёқилиши бўйича воқеа жойида ёзма равишда тушунтириш ҳати берди.

Ҳуқуқбузар:

  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан (Дала ва аҳоли пунктларида анғиз, хазон ва шох-шаббаларни ёки ўсимликларнинг бошқа қолдиқларини ёқиб юбориш, атмосфера ҳавосини зарарли моддалар билан ифлослантиришга олиб келиш) БҲМнинг 10 баробаригача жарима (3,3 миллион сўм маъмурий жарималар);
  • «Бошоқли дон экинлари сомонининг ёқиб юборилиши натижасида етказиладиган зарарни аниқлаш ва ушбу ҳолатларни содир етган юридик ва жисмоний шахсларга нисбатан жарималар қўллаш бўйича НИЗОМ»;
  • Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарори 4-иловасига асосан етказилган зарарларни тўлайдиган бўлди.

Айни дамда ёнғин содир бўлган ҳудудда қўшимча равишда ўрганиш ишлари амалга оширилмоқда, дейилади хабарда.

Вазирлик ғалла йиғим-теримидан сўнг сомонпоя қолдиқларини ёқмасликка чақирди.

Келтирилишича, сомонпоя қолдиқларини ёқиш натижасида атмосферага углерод оксиди, азот оксиди, азот икки оксиди, олтингугурт оксиди каби инсон соғлиги учун зарарли бўлган заҳарли моддалар ажралиб чиқади. Қолаверса, сомон поялари ва уларнинг қолдиқлари ёқилган ҳудудларда ер унумдорлиги кескин пасаяди, тупроқ структураси бузилади. Ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида эса экин ерларининг балл бонитети (тупроқ унумдорлиги) тушиб кетади.

Сомонпоялар ва уларнинг қолдиқлари ёқилишига сабаб бўлган ҳуқуқбузарларга ва ер эгаларига базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача (3,3 миллион сўм) бўлган миқдорда маъмурий жарималар қўлланилади.