Telegram`даги каналларда Пахтаобод туманида 17 ёшли бола чақмоқ уриши оқибатида вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, воқеа 19 июнь куни туманнинг Маданият қишлоғида содир бўлган. 2006 йилда туғилган бола чақмоқ уриши сабабли вафот этган.

Воқеа жойида бўлган 47 ёшли Наргиза Усмонованинг «Газета.uz» мухбири билан суҳбатда айтишича, ҳолат соат 08:00 атрофида рўй берган.

«Маданият қишлоғидаги „Сойбўйи“ маҳалласида жойлашган фермер хўжалиги даласига ғўза чопгани борган эдик. Биз уйдан чиқаётган ва далага борган вақтимизда об-ҳаво яхши эди. Ғўза чопиқ қилаётганимизда бирданига тўс-тўполон бўлиб кетди, шамол ва чақмоқ бошланди. Уйга кетиш учун даладан чиқишга ҳаракат қилаётган пайтимиз олдимизга осмондан алангага ўхшаган нарса тушди. Олдин бундай ҳолатлар ҳақида эшитгандим, аммо кўрмагандим. Буни кўриб, қўрқиб кетдим ва ёрдам сўраб бақирдим. Биздан пастроқда дала сувчиси ишлаётган экан. У ва яна кўплаб одамлар келди. Қизимни ва болани фермеримиз машинасида туман шифохонасига олиб бордик», — деди у.

Унинг айтишича, воқеа жойида 3 киши: аёлнинг ўзи, унинг 2008 йилда туғилган қизи ҳамда 17 яшар бола бўлган.

«Вафот этган бола билан таниш эдик, бир-биримизга дала ишларида ёрдамлашиб турардик, ғўза чопиққа ёрдам бериши учун чақиргандим. У шифохонада ҳаётдан кўз юмди», — деди аёл.

Наргиза Усмонова қизининг айни пайтдаги ҳолати ҳақида гапираркан: «Кеча туман шифохонасида эдик. Бугун Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон вилояти филиалига олиб келишди. Қизимнинг орқалари бироз куйган, у шок ҳолатида. Шифокорлар назоратидамиз», — деди.

ССБнинг қўшимча қилишича, қизнинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Унинг боши, бўйни, танаси ва оёқлари турли даражада куйган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновга кўра, ҳолат бўйича прокуратура томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.