Президентнинг 2022 йил 25 октябрдаги қарори билан «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида молиялаштириладиган тадбирлар жамоатчилик фикри асосида «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан аниқланиши белгиланганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 3 майдаги қарори билан эса «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёнлари учта босқичда ташкил этилади:

  • 1-босқичда — порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;
  • 2-босқичда — шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;
  • 3-босқичда — саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

Лойиҳа тўпламини киритиш ҳуқуқига фақат маҳалла фуқаролар йиғини раиси эга бўлади ва бир йилда фақат бир маротаба битта лойиҳа тўпламини порталга киритади. Бунда фуқаролар томонидан лойиҳалар тўплами шакллантирилишига йўл қўйилмайди.

Лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирлар Махсус комиссия томонидан танлаб олинади.

Лойиҳалар тўплами таркибига тармоқ корхоналари ҳисобидан амалга ошириладиган (электр энергияси, табиий газ таъминоти, алоқа ва ахборотлаштириш каби) тадбирлар киритилмайди. Ғолиб маҳаллаларни аниқлаш лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб амалга оширилади. Лекин аҳолиси сони кам бўлган маҳалла (қишлоқ)ларга тузатиш коэффициентини қўллаганилади.

Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича киритилган лойиҳалар тўплами таркибидаги тадбирлардан тегишли лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонининг 50 фоизидан юқори овоз тўплаганлари амалга оширилади. Бунда фуқаролар овоз бериш жараёнида лойиҳалар тўплами таркибидаги ҳақиқатда маҳалла (қишлоқ) учун реал муаммо бўлган тадбирларни танлаши лозим бўлади.

Қарорга илова сифатида махсус комиссиянинг намунавий таркиби ҳам келтирилган. Унга кўра, туман (шаҳар) ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари, махсус комиссия раҳбари бўлади. Аъзолар ичида ҳокимининг яна икки ўринбосари, туман Иқтисодиёт ва молия бўлими бошлиғи, туман ҳокимлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакили ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакили бўлади.

Жамоатчилик муносабати

Низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган, 4 май куни эълон қилинган ахборотда эса ташаббусли бюджетлаштириш учун фуқаролардан лойиҳаларни тақдим этиш имконияти олиб қўйилаётганини англатувчи бандлар кўрсатилмаган. Жамоатчилик фаоллари ҳужжат ҳақида 16 июнь куни ёза бошлади (бундан бир аввал, 15 июнь куни иқтисодиёт ва молия вазири Шерзод Кудбиев ташаббусли бюджетлаштириш масаласида жамоатчилик фаоллари, журналист ва блогерлар билан учрашган эди).

Молиячи Отабек Бакиров тасдиқланган низомга асосан фуқаролар амалда жараёндан четлаштирилганига урғу бераркан, у бу ўзгаришларга қарши эканини очиқ-ойдин билдирган.

«Биринчидан, фуқаролар томонидан лойиҳалар тўплами шакллантирилишига йўл қўйилмайди. Фақат маҳалла раиси бир йилда фақат бир маротаба битта лойиҳа тўпламини киритиш ҳуқуқига эга.

Иккинчидан, маҳалла раиси таклиф этган лойиҳа тўпламини Махсус комиссия танлайди. Махсус комиссиянинг олтита аъзосидан бештаси ҳоким ва унинг шотирларидан иборат, биттагина, уям келишув асосида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакили қўшилиши мумкин.

Учинчидан, фуқаролар маҳалла раиси ва Махсус комиссия чиғириғидан ўтган лойиҳалар тўпламига овоз бера олади. Унданам қизиғи, Низомга кўра, маҳалла (қишлоқ) фуқаролари тегишли маҳалла (қишлоқ) бўйича илгари сурилган лойиҳалар тўплами ичидан ўзларини қизиқтирган тадбирларга овоз берадилар. Маъносига кўра, фақат прописка жойи бўйича ҳокимтўра ва унинг шотирларининг фильтридан ўтган лойиҳаларга овоз бериш мумкин бўлади.

Тўртинчидан, аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар кўпайтирилади. Яъни демократияининг асоси бўлган, бир фуқаро — битта овоз принципидан амалда воз кечилади", — деган Отабек Бакиров.

У, шунингдек, жараённинг қоидалари «ёпиқ кабинетларда» тасдиқланганига ҳам эътиборни қаратган.

«Жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган… Хуллас, Фуқароларнинг ташаббускорлиги қайтарилиши керак, эркин ва тенг овоз бериш ҳуқуқи таъминланиши лозим. Фаол жамоатчиликни, ОАВ ва медиани ўзбекистонликларнинг ўз маблағларининг ўзлари тақсимлаши ва эркин танлови йўлидаги жараёнга бефарқ бўлмасликларини сўрайман. Агар Давлат раҳбарининг шахсан ўзи ирода кўрсатиб, халққа берган шу ҳақ тортиб олинса, кейин қолган қутгани ҳам тортиб олинади», — деган Отабек Бакиров.

Davletovuz Telegram-канали муаллифи Қобил Хидиров янги низом тизимни мураккаблаштиришини ва маҳаллий ижро органларини асосий акторга айлантиришини айтган. «Супервазирлик раҳбариятининг „Ташаббусли бюджет“ бўйича хатти-ҳаракатлари тизимни мураккаблаштириш, масъулиятни ўзидан соқит қилиш ва маҳаллий ижро органларини асосий акторга айлантириш (эски тартибни тиклаш)дан бошқа нарса эмас», — деб ёзган у.

Қаҳрамон Асланов эса «„ўзи яхши ғоя, лекин такомиллаштириш керак“, „мен аслида қарши эмасман, аммо ўзгартириш керак“, „ёмон эмас аслида, аммо фанта тарқатиш гадойчилик, шунисини тўғирлайлик“ деб такрорлайверган фаоллар, қанақа дарахтни суғорганингизни энди англаб етдингизми?», — деб савол қўйган.

обод маҳалла, обод қишлоқ, ташаббусли бюджет

У шу фикрлар билан март ойида — Ташаббусли бюджет бўйича овоз тўплаш айни қизиган, шу билан бирга жамоатчиликнинг бир қисми ушбу жараённи танқид қилаётган даврда ёзган твитини эслатган. Ўшанда Асланов шундай деганди: «Агар Open Budget „отмен“ бўлса, у ҳақда салбий фикр билдирганлар, „яхшироқ бўлишини хоҳлайман холос“ деб танқид қилаётганлар, такомиллаштириш керак деб камчиликларини кўрсатаётганлар, умуман ҳатто мем ё кулгили видео қилиб тарқатаётганлар ҳам ўз виждонлари олдида жавоб беришлари керак».