15−16 июнь кунлари Истанбул шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида фуқаро авиацияси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятларининг маслаҳатлашувлари ташкил этилди, дея хабар бермоқда Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбирда икки давлат ўртасидаги авиақатновлар сонини ошириш ва янги йўналишлар очиш масалалари муҳокама этилган. Музокаралар давомида мамлакатлар ўртасидаги жами авиақатновлар сонини ҳафтасига 58 тадан 72 тага ошириш ҳамда янги йўналишлар очиш бўйича келишувга эришилган.

Хусусан, 2023−2024 йиллар давомида Тошкент ва Истанбул ўртасидаги авиақатновлар сонини ҳафтасига 38 тадан 50 тага етказиш белгиланган.

Шунингдек, Қарши, Термиз, Нукус, Наманган, Андижон шаҳарларидан Истанбул шаҳрига янги авиақатновлар йўлга қўйилишига келишилган ва бу бўйича тегишли ҳужжат имзоланган.