Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида ҳокимият захирасида бўлган ер майдонини сотмоқчи бўлган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.

Таъкидланишича, 16 июнь куни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга фуқаро таъмагирлик ҳолати бўйича мурожаат қилган. У ўз аризасида тикувчилик корхонасини ташкил қилиш учун бўш ер майдони излаб юрган вақтида Тойлоқ туманида яшовчи П.Ф. туманнинг Маданият маҳалласи ҳудудида жойлашган ҳокимият захирасида бўлган 0,18 гектар ер майдонини 75 минг долларга сотишини ва кейинчалик туман Кадастр бўлимида ишловчи танишлари орқали ҳужжат расмийлаштириб беришини айтганини маълум қилган. У фуқародан олдиндан 15 минг доллар миқдоридаги пулларни талаб қилган.

Вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси, ДХХ ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг вилоят бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган. П.Ф. ариза муаллифидан 15 минг доллар миқдоридаги пулларни олган вақтида ушланган.

Ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.