Шавкат Мирзиёев Хитой раиси Си Цзиньпинга унинг 70 ёшлик юбилейи муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот котиби хабар берди.

Давлат раҳбарининг табригида Цзиньпиннинг бевосита раҳбарлигида Хитой халқи сўнгги йилларда «улкан ютуқ ва оламшумул муваффақиятларга» эришаётгани таъкидланди.

Хусусан, аҳолини камбағалликдан чиқариш, қашшоқликка барҳам бериш, ўртача фаровон жамият қуриш жараёнларини якунига етказишга қаратилган ишлар қайд этилди.

«Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, сизнинг шахсан эътиборингиз туфайли Ўзбекистон — Хитой муносабатлари ҳар томонлама мустаҳкамланиб, сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилиб бормоқда», — дейилади табрикда.

Давлат раҳбари, шунингдек, яқинда Хитойга қилган давлат ташрифини эслаб, унинг якунлари ҳамда Сиань шаҳрида бўлган «Марказий Осиё — Хитой» биринчи саммити доирасидаги музокаралар натижалари ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишини билдирди.

Президент Си Цзиньпинни Ўзбекистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди.