Давлат хавфсизлик хизмати ҳудудлардаги бошқармаси ва вилоят ички ишлар бошқармалари ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқароларни ноқонуний йўл билан хорижга жўнатиш билан боғлиқ бир қатор ҳолатлар ҳақида хабар берди.

Хусусан, Самарқанд вилояти Оқдарё туманида яшовчи 31 ёшли шахс танишлари орқали Тайлоқ туманида яшовчи икки фуқарони Ўзбекистон-Испания-Мексика-АҚШ йўналишида Қўшма Штатларга юборишини айтган. Эвазига 44 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 40 минг доллар олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида яшовчи 28 ёшли шахс Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида истиқомат қилувчи 33 ёшли фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Канада давлатига ишга юбориш ва виза ҳужжатларини расмийлаштириб беришини айтган. Эвазига 15 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 7,5 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида яшовчи 25 ёшли шахс Музработ туманида истиқомат қилувчи 40 ёшли фуқарони тегишли виза ҳужжатларини расмийлаштириб, Канада давлатига ишга юбориш эвазига 138 миллион сўм олган вақтда ушланган. Таъкидланишича, у муқаддам фирибгарлик жинояти содир этгани учун жиноий жавобгарликка тортилган.

Ҳозирда юкоридаги ҳолатлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.