Марказий банк бошқаруви 2023 йил 15 июндаги йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар қилди.

Регуляторнинг қайд этишича, иқтисодиётда инфляциянинг фундаментал ва мавсумий омиллар таъсирида секинлашиш динамикаси давом этмоқда. Йил охиригача жорий тенденциялар сақланиб қолиниши билан биргаликда инфляцияни кескин оширувчи хатарлар вужудга келиши эҳтимоллари камайиб бормоқда.

Базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиш траекториясига ўтиши, келгусида ҳам иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда асосий ставкани пасайтириш имкониятларини кучайтиради.

Май ойида умумий инфляция йиллик ҳисобда 10,4 фоизгача секинлашди. Бунда, базавий инфляция секинроқ пасайиб 12,4 фоизни ташкил этди.

Кенг қамровли инфляцион жараёнларнинг юмшаб бораётгани истеъмол саватидаги нархи 10 фоиздан юқори ошган товар ва хизматларнинг улушини 50 фоизгача камайишига имкон берган. Бироқ, ушбу кўрсаткич 2020−2021 йиллардаги 30−40 фоиздан юқори даражада шаклланган.

«Ўтган йилги юқори база таъсирларини тугаб бориши, мавсумий омиллар ва тартибга солинадиган нархларнинг деярли ўзгаришсиз сақланлиги ҳамда миллий валюта алмушув курсининг нисбатан барқарор даражада бўлгани инфляциянинг пасайишига хизмат қилган асосий омиллардан бўлмоқда. Айни пайтда, инфляциянинг узоқ муддатли компонентларида барқарор пасайиш тенденцияси секин шаклланмоқда», — дейилади регулятор ахборотида.

Қайд этилишича, кейинги 12 ой учун аҳолининг инфляцион кутилмаларини пасаювчи тренди давом этиб, май ойида 13,7 фоизни ташкил этди. Ички иқтисодий шароитларнинг барқарорлашиб бораётгани тадбиркорларнинг инфляцион кутилмаларининг 13,5 фоизгача пасайишида ўз аксини топди.

«Иқтисодий фаолликнинг муқобил кўрсаткичларининг аксарияти жорий йилнинг апрель-май ойларида ўсувчи динамикани давом эттириб, узоқ муддатли тенденциядан юқорироқ шаклланди. Банклараро битимлар ҳажми ҳамда савдо ва пуллик хизматлардан тушумлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,4 баробарга ошгани иқтисодиётда юқори истеъмол фаолликнинг сақланиб қолаётганлигидан далолат беради», — дейилади Марказий банк ахборотида.

Глобал инфляция жараёнлари, асосан, энергетика ва хомашё бозорларидаги нархларнинг ўтган йилги оширувчи таъсирининг камайиши ҳисобига секинлашаётган бўлсада, инфляциянинг таргет кўрсаткичларидан баландлиги ва хизматлар соҳасидаги оширувчи хатарлар сақланиб қолаётганлиги ташқи молиявий шароитларнинг қатъий шаклланишига сабаб бўлмоқда.

Ўтган йилнинг иккинчи ярмидан бошлаб банклараро пул бозорида Uzonia ставкаси ва ўртача тортилган фоиз ставкалари фоиз коридори доирасида 13,5 фоиз атрофида шаклланди. Пул бозорини нисбатан узоқроқ муддатли сегментларидаги фоиз ставкалар, ликвидликнинг таркибий профицитини камайиб бориши шароитида, нисбатан ўсувчи динамикани касб этган.

Жорий йилнинг май ойида жисмоний ва юридик шахсларнинг миллий валютадаги муддатли депозитлари бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари мос равишда 20,8 ва 17 фоизни ташкил этиб, жами муддатли депозитларнинг ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга, аҳоли депозитларини эса 1,6 баробарга ўсиши кузатилди.

Миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари май ойида бироз пасайиб, 22,8 фоиз даражасида шаклланди. Ўз навбатида, кредитлаш ҳажмининг ўсиши асосан чакана кредитларни юқори суръатларда ўсиши ҳисобига таъминланмоқда. Май ойи якунлари бўйича чакана кредитлар қолдиғи ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,5 баробарга кўпайган.

Макроиқтисодий ривожланишнинг базавий сценарийси доирасида 2023 йил якунига қадар инфляциянинг 8,5−9,5 фоизгача пасайиши ҳамда инфляцияни пасайтирувчи омиллар таъсирини оширувчи омилларга нисбатан кучлироқ бўлиши кутилмоқда.

Нисбатан қатъий пул-кредит шароитларининг сақлаб қолиниши ва ташқи шароитларнинг нархларга нисбатан таъсирларни мўътадиллиги инфляцияни пасайтирувчи омиллар сифатида қаралмоқда.

Жорий йилда ҳам фискал ҳаражатларнинг ўсиш суръатлари ва иқтисодиётни рағбатлартиришдаги ўрни юқори бўлиши кутилмоқда. Фискал шароитлар юмшоқ шаклланаётган ва кредитлар ўсиши юқори бўлган даврда пул-кредит шароитларининг ҳам юмшатилиши нархларга қўшимча босим юзага келтириши мумкин.

«Шунингдек, умумий инфляциянинг сўнгги ойлардаги пасайишига қарамай озиқ-овқат ва хизматлар гуруҳларида айрим товарлар бўйича нархларнинг ўсиш суръатларининг баландлиги амалдаги пул-кредит шароитларини сақлаб қолишни тақозо қилади. Келгуси даврларда базавий инфляция ва инфляцион кутилмаларнинг барқарор пасайиш траекториясига ўтиши, иқтисодиётда нисбатан қатъий пул-кредит шароитларини сақлаб қолган ҳолда, асосий ставкани пасайтириш имкониятларини юзага келтириши мумкин», — дейилади ахборотда.

Таъкидланишича, Марказий банк пул-кредит шароитларининг ялпи талаб, нархлар ва инфляцион кутилмаларга таъсирларини синчковлик билан баҳолашда давом этади ва пул-кредит инструментлари инфляцияни жорий йилги прогноз коридори доирасида шаклланишига қаратилади.

Марказий банк Бошқарувининг асосий ставкани кўриб чиқиш бўйича навбатдаги йиғилиши 2023-йил 27 июлга белгиланган.