Электр қурилмаларини таъмирлаш ва янгилаш ишлари кетаётгани сабабли 15 июнь куни Тошкент шаҳридаги айрим ҳудудларда таъминотда узилиш бўлади. Бу ҳақда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ пойтахт филиали хабар қилди.

Яшнобод тумани: «Товкантепа» ҳамда «Миришкор» МФЙларининг айрим ҳудудлари — соат 16:00 гача.

Миробод тумани: «Иноқобод» ва «Банокатий» МФЙларининг айрим ҳудудлари — соат 17:00 гача.

Чилонзор тумани: «Қатортол» ҳамда «Ҳосилот» МФЙларининг айрим ҳудудлари — соат 17:00 гача.

Юқоридаги ҳудудларда таъмирлаш ишлари белгиланган вақтдан аввалроқ якунланиши мумкин, дейилади хабарда.

Аввалроқ «Газета.uz» билан суҳбатлашган «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси Тошкент филиали директори ўринбосари Бекзод Кулибаев шаҳар электр таъминотида кузатилаётган узилишлар сабаблари, режали таъмирлаш ишлари ва авариявий ҳолатлар бўйича маълумот берганди.

Унинг таъкидлашича, таъминот баъзи ҳудудларда президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш каби режавий амалга ошириладиган ишлар сабабли ўчирилмоқда. «Бу ишларни кучланиш остида амалга ошириб бўлмайди, шу сабабли ўчириб ишлашга тўғри келади», — деди Бекзод Кулибаев.

Шаҳарда, шунингдек, авариявий ҳолатлар ҳам кузатилмоқда, лекин узилишларга асосий сабаб бу эмас.