Дунё бўйлаб янгиликларга қизиқиш билдираётганлар сони сўнгги 6 йил ичида қисқаришда давом этмоқда. Бу ҳақда Оксфорд университети қошидаги Reuters журналистикани ўрганиш институти (Reuters Institute)нинг 2023 йилда медиа саноатини ривожлантириш бўйича ҳисоботида сўз борган. Тадқиқот 46 мамлакатдаги респондентларнинг сўров маълумотларига асосланади.

«Дуч келинаётган сиёсий ва иқтисодий таҳдидларга қарамай, респондентларнинг ярмидан камроғи (48%) янгиликларга муҳим ёки ўта муҳим дея қизиқиш билдирмоқда», — дейилади ҳисоботда.

2017 йилда бу кўрсаткич 63 фоизни ташкил этганди.

Кўп ҳолларда ёки баъзида янгиликлардан қочишларини тан олган респондентларнинг улуши 36% ни ташкил қилди ва бу тарихий юқори даражаларга яқин, деб ёзади тадқиқотчилар. Ушбу гуруҳ қуйидагиларга бўлинган:

  • вақти-вақти билан барча янгиликлар манбаларидан қочади;
  • муайян вақтларда ёки муайян мавзуларда янгиликлардан фойдаланишни алоҳида чеклайди.

Янгиликлардан қочадиган одамлар куннинг муҳим воқеалари ҳақидаги янгиликларни камроқ ўқийди ва ижобий журналистика ёки ечим журналистикасига (solutions-based journalism) кўпроқ қизиқади.

Ҳужжат, шунингдек, аксарият бозорларда телевидение ва босма нашрлар каби анъанавий оммавий ахборот воситаларининг истеъмоли камайиб бораётгани, онлайн медиа ва ижтимоий тармоқлар бўшлиқни тўлдирмаётгани ҳақидаги хулосага келди.

Турли мамлакатлардаги аксарият онлайн фойдаланувчиларнинг тан олишларича, улар ҳали ҳам янгиликларни томоша қилиш ёки тинглашдан кўра ўқишни афзал кўради, дейилади ҳисоботда. Бироқ видео форматдаги янгиликлар истеъмоли, хусусан, Facebook ва YouTube платформаларида барқарор ўсиб бормоқда. Подкастлар ўқимишли ва ёшроқ томошабинлар орасида кўпроқ оммалашган, лекин, умуман олганда, «улар озчиликни ташкил қилади».

Facebook энг оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири бўлиб қолмоқда, бироқ унинг янгиликлар манбаси сифатидаги таъсири камайиб бормоқда, чунки компания «эътиборни янгиликлардан узоқлаштирмоқда». Ижтимоий тармоқ YouTube ва TikTok билан ҳам рақобатга дуч келмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, бутун дунё бўйлаб ёшлар гуруҳининг янгиликларни веб-сайтлар ёки иловаларни очган ҳолда ўқиши эҳтимоли жуда кам. Улар одатда ижтимоий тармоқлар, қидирув асосида ёки агрегаторлар орқали янгиликлар ўқишни афзал кўради.