2022 йилда Россияни 8,5 минг нафар доллар миллионери тарк этди. Бу ҳақда Британиянинг Henley & Partners консалтинг компанияси дунёдаги бадавлат фуқаролар миграцияси ҳақидаги ҳисоботида маълумот берди.

Компания прогнозларига кўра, 2022 йилда 15 минг нафар доллар миллионери, яъни 2021 йилда миллионер сифатида ҳисобланганларнинг 15 фоизи Россияни тарк этиши кутилганди. Лекин амалдаги кўрсаткич кутилганидан деярли икки баравар паст бўлди.

Компаниянинг «Коммерсантъ» нашрига берган изоҳига кўра, бу фарқ прогноз 2022 йилнинг январидан июнигача кузатилган маълумотлар ва тенденцияларга асослангани ва уруш оқибатида жорий этилган чекловлар кўплаб миллионерларнинг мамлакатни тарк этишини қийинлаштиргани билан изоҳланди.

Россия мамлакатни тарк этган миллионерлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринни эгаллаган. Биринчи ўринда Хитой кўрсатилган, мамлакатдан йил давомида 10,8 минг нафар миллионер чиқиб кетган. Австралия, БАА, Сингапур, АҚШ, Швейцария бой одамларни жалб қилиш бўйича етакчи бўлган.