2 июнь куни Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида темирйўлда 7 ёшли болани қутқариб қолган аёлнинг ўзини поезд босиб кетди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов «Газета.uz»га маълум қилди.

Соат 10:40 да 42 ёшли аёл Д.М. пиёдалар ўтиш йўлагидан ўзи билан бирга бир йўналишда кетаётган 7 ёшли болага йўловчи поезди яқинлашиб келаётганини кўрган. Шундан сўнг вояга етмаган Н.У.нинг елкасидан туртиб, уни четга чиқариб юборган. Аммо ўзи поезддан қочишга улгурмагани сабабли поезд аёлни уриб юборган ва оқибатда аёл воқеа жойида вафот этган.

Марҳума мактабда фаррош бўлиб ишлаган, оилали, 3 нафар фарзанди бўлган.

Ҳолат юзасидан транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.