Андижонда «Тавҳид ва жиҳод катибаси» террористик ташкилоти фаолиятида иштирок этган ака-укалардан бирига суд ҳукми ўқилди. Яна бири Суриядаги қуролли тўқнашувлар вақтида вафот этди.

ДХХ хабарига кўра, Андижон шаҳрида яшовчи, 1997 йилда туғилган шахс 2017 йилнинг июнь ойида ишлаш мақсадида Туркиянинг Истанбул шаҳрига бориб, савдо дўконида сотувчилик билан шуғулланган. Орадан бир йил ўтиб, унинг олдига 1995 йилда туғилган акаси боргач, улар бирга ишлай бошлаган.

Келтирилишича, ака укасига террористик ташкилотлар ва диний экстремистик оқимларнинг ғоявий раҳнамолари бўлган Содиқ Самарқандий, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорийларнинг маърузаларини тарғиб қилган ва Сурияга бориб, жиҳод қилиш лозимлигини айтган. 2018 йилнинг куз ойларида ака-укаларнинг каттаси, кейинроқ эса кичиги Суриядаги террористик ташкилот сафига бориб қўшилган. 1995 йилда туғилган шахс Сурияда қуролли тўқнашувлар вақтида вафот этган.

«Ўша пайтлари террористик ташкилотлар ўртасида юзага келган келишмовчиликлар, амир бўлиш учун етакчиларнинг ўзаро низоларга киришишларини кўриб, ҳафсаласи пир бўлган андижонлик йигит онаси юборган пуллар ёрдамида Туркияга қайтиб ўтган. Кейинроқ бир муддат Қирғизистонда бўлиб, сўнгра Қозоғистонга борган. Ушбу давлатнинг сохта фуқаролик паспортини олган мазкур шахс ҳужжатни қалбакилаштиргани учун ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланиб, жиноий жавобгарликка тортилган», — дейилади хабарда.

У жазо муддатини ўтаб бўлгач, Ўзбекистонга депортация қилинган. Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳри суди ҳукмига кўра, фуқаро Жиноят кодексининг 155−2 (Террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида ўқувдан ўтиш, чиқиш ёки ҳаракатланиш) ва 244−2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддалари билан айбли деб топилиб, 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди.