12 июнь куни ҳукуматнинг «Хива шаҳрида Халқаро этноспорт фестивалини ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжата кўра, Халқаро этноспорт фестивали 2023 йил 7−10 сентябрь кунлари Хивада ўтказилади. Уни ўтказиш тартиби бўйича тасдиқланган низомга кўра, фестиваль ҳар 2 йилда бир марта ўтказилади.

Фестиваль доирасида, жумладан, қуйидагилар ташкил этилади:

  • спортчилар иштирокида халқаро мусобақалар;
  • икки босқичли миллий ош пишириш чемпионати;
  • наққошлик ва каштадўзлик санъати кўргазмаси;
  • кулолчилик маҳсулотлари кўргазмаси;
  • ўзбек, форс, араб, рус тилларида нашр этилган адабиётлар намойиши.

Фестиваль доирасида халқаро мусобақа ғолиб ва совриндорлари медаль ва дипломлар билан тақдирланади. Шунингдек, спорт тадбирлари иштирокчилари орасидан «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши спортчи», «Фахрий спортчи» каби номинациялар бўйича совриндорлар аниқланиб, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши назарда тутилган.