«Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси Тошкент филиали директори ўринбосари Бекзод Кулибаев «Газета.uz»га берган интервьюсида, шаҳар электр таъминотидаги узилишлар сабаблари, авариявий ҳолатлар, режали янгилаш ишлари бўйича саволларга жавоб берди. Қуйида интервьюдаги асосий фикрларни қисқача келтириб ўтамиз.

Нима учун шаҳар электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда?

Таъминот баъзи ҳудудларда президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини таъминлаш каби режавий амалга ошириладиган ишлар сабабли ўчириляпти.

«Бу ишларни кучланиш остида амалга ошириб бўлмайди, шу сабабли ўчириб ишлашга тўғри келади», — деди Бекзод Кулибаев.

Авариявий ҳолатлар ҳам кузатиляптими?

Шаҳарда авариявий ҳолатлар ҳам кузатилмоқда, лекин узилишларга асосий сабаб бу эмас.

«Юқорида таъкидлаганимдек, [узилишлар] қарорлар ижросини белгиланган муддатларда сифатли амалга ошириш мақсадида режали ўчиришлар ҳисобланади. Албатта, авариявий ўчишлар ҳам бор, умуман йўқ деб бўлмайди. Бу авариявий ўчишларни қисқа муддатда бартараф этиш учун тезкор ходимларимиз мавжуд. Бугунги кунда авариявий ўчишлар камайган. Тошкент шаҳридаги кабель тармоқларида эскирган жойлари бор, чунки шаҳардаги барча эски кабелларни тўлиқ янгилаб бўлганимиз йўқ. Қарорда [2023 йил 11 мартдаги президент қарори] 2023−2025 йилларга мўлжалланган дастурлар ишлаб чиқилган. Айнан бу йилгисини якунладик», — деди «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси Тошкент шаҳри филиали директори ўринбосари.

Қайси ҳудудларда таъмирлаш ва алмаштириш ишлари амалга оширилишини кўрсатувчи ҳужжат борми?

Қаерда электр ўчиши ва қайси йўлларда ишлар амалга оширилишини кўриш учун Президентнинг 91-сонли қарорида амалга оширилиши керак бўлган ишлар манзилли рўйхати илова қилинган (3-илова).

Президент қарорида белгиланган ишларнинг қанча қисми бугунги кунга келиб бажариб бўлинди?

Президент қарори билан 2023−2025 йилларда амалга ошириладиган ишлар режалаштирилган. Унга кўра, 2 минг 969,8 километр электр узатиш тармоқларини, 703 та трансформатор пунктларини янгилаш режалаштирилган.

Шундан 2023 йили 903,3 километр электр узатиш тармоқлари ва 228 та трансформатор пунтлари янгиланиши кўзда тутилган. 10 июнь ҳолатига 921,7 километр электр узатиш тармоқлари, 228 та трансформатор пунктларини реконструкция қилиш ишлари якунланди. Яъни қарорда кўзда тутилган ишларнинг 2023 йилда режалаштирилган қисми тўлиқ бажарилди.

Бекзод Кулибаев билан мазкур интервью 10 июнь куни бўлиб ўтди. Мутахассис интервьюда электр таъминотидаги узилишларнинг асосий сабаби Президент қарори ижросини таъминлаш бўлганини ва қарордаги ишларнинг 2023 йилга режалаштирилган қисми 10 июнгача бажариб бўлинганини айтди. Лекин 12 июнь куни ҳам Тошкент шаҳрининг Яккасарой ва Яшнобод туманларида таъмирлаш ишлари туфайли электр таъминоти вақтинча тўхтатилди.

«Газета.uz» «ҲЭТК» Тошкент шаҳар филиали билан боғланиб, нима учун президент қарори ижроси якунланган бўлса ҳам электр таъминотида узилишлар бўлаётганини сўради. Қайд этилишича, ҳозирги кунга келиб трансформатор пунктларини ва кабелларни янгилаш ишлари якунланган. Лекин кабелларни тортиш билан боғлиқ баъзи ишлар ҳали тугатилмаган.

Кабеллар ва трансформатор пунктлари янгиланганидан кейин нимага эришилади?

Кабель тармоқларида эскирган ёки шикастланган жойи кўп. Улар алмаштирилди. Бу орқали авариявий ўчишнинг олди-олинади.

«Албатта, барчаси юкламадан келиб чиқади. Авария умуман бўлмайди, деб айтиб бўлмайди. Ўз-ўзидан савол туғилади: Ўша юкламанинг ҳисоби олинмайдими? Юкламанинг ҳисоби олинади. Ўшанга асосан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилади.

Юкламанинг ортиши барибир электр энергия истеъмолчиларига боғлиқ. Бугунги кунда биз битта хонадонда айтайлик, битта кондиционерни қувватини [ҳисобга] олиб, лойиҳа-смета ҳужжатини ишлаб чиқиб, ҳисоб-китобини қиладиган бўлсак, ўзизга маълум, битта хонадонда 2−3 тадан кондиционер қўйиш имкониятига эга истеъмолчиларимиз бор-да. Биз нормага нисбатан 1 та ёки 2 та ҳисоблаган бўлишимиз мумкин.

Кафолатга келадиган бўлсак, айнан шу ишларни амалга оширган жойда кафолатлашимиз мумкину, барибир энди ҳаммаси Худодан. Олдиндан бир нарса дейиш ёки умуман ўчмайди дейиш нотўғри бўлса керак деб ҳисоблайман. Чунки ривожланган давлатларда ҳам умуман электр энергиясида ўчиш бўлмаяпти деган тушунча бўлмаса керак ҳеч кимда", — деди Бекзод Кулибаев.

Кабеллар ва трансформаторлар алмаштирилганидан кейин амалдаги юклама прогноз қилинган юкламадан ошиб кетмаса, яна қандай вазиятларда электр таъминоти узилиши мумкин?

Агар танлаган кабель ўзининг меъёрий юкламаси билан ишласа, у жойларда авариявий ўчишлар бўлмайди.

Қайси ҳудудларда янгилаш ишлари биринчи навбатда амалга оширилиши қандай аниқлаб олинди?

2023 йилнинг бошида, қиш фаслида электр энергиясида жуда катта авариявий ўчишлар кузатилди. Кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Инфратузилма биринчи навбатда қаерда янгиланиши айнан мана шу мурожаатлардан келиб чиқиб, кўп авариявий ҳолатлар кузатилган ҳудудларни таҳлил қилган ҳолда, шу билан бирга эскирган электр узатиш тармоқлари ҳамда юклама билан ишлаётган трансформатор пунктлари ҳақидаги маълумотларга асосан тузилган.

2024−2025 йилда алмаштириш ишлари амалга ошириладиган ҳудудлар билан нима бўлади? Яъни у ҳудудларда авариявий ўчишлар бўлиши кутилмаяптими? Яхшиланаётган инфраструктура авариявий ҳолатларнинг олдини олади. Шундан келиб чиқиб кейинги йилларда ишлар амалга ошириладиган ҳудудларда авариявий ўчишлар кузатилиши мумкинми?

Президент қарорида 2023 йил амалга ошириладиган ишларнинг манзилли рўйхати шакллантирилган. 2024 ва 2025 йиллар учун рўйхат ҳам шакллантирилган, аммо президент қарорида кўрсатилмаган.

Лекин 2024−2025 йилларда ҳам авариявий ўчишлар кузатилса, айнан шундай жойлар кейинги йилдаги дастурга киритилади.

«Шу кеча-кундузда бизнинг ўз оғриқли нуқталаримиз бор. Унга асосан дастурларни шакллантириб бўлганмиз. Бу 2024 йилда амалга оширилиши кутиляпти. Амалга ошгунга қадар қандайдир авариявий ўчишлар кузатилса, юқорида айтганимдек, қисқа муддатда бартараф этилади. Шу билан бирга манзилли дастуримизга тегишли ўзгартиришлар киритилади», — деди Бекзод Кулибаев.

Режали таъмирлаш ишлари нега айнан жазирама ёзда бошланди?

Бекзод Кулибаев режали таъмирлаш ишлари ёзда бошланмаганини маълум қилди.

«Йўқ, ёзда бошланмади. Баҳордан бошланган. Янги қурилиш, реконструкция, модернизация қилиш ишлари режалаштирилгани сингари, мукаммал таъмирлаш, жорий таъмирлаш ишлари ҳам режалаштирилади. Ва бу 1 сентябрга қадар давом этадиган ишлар ҳисобланади. Сабаби, бутун Тошкент шаҳрининг барча ҳудудларида бир кунда ёки 10 кунда, ёки 1 ой ичида бунақа катта ҳажмдаги ишларни амалга оширишнинг иложи йўқ.

Шу билан бирга, юқорида таъкидлаганимдек, қурилиш-монтаж ишларини ёки жорий мукаммал таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун биз хавфсизликни таъминлаш мақсадида электр тармоғидан узиб кейин ишлашимиз керак. Тошкент шаҳрининг барча жойида баравар иш бошлаган тақдиримизда ҳам шаҳарни электр энергиясисиз қолдириб бўлмайди. Шунинг учун шахмат усулида, режали ўчирилади.

Мисол учун, бугун бу маҳаллани ўчирдик, у ерда ишладик, эртага умуман қарама-қарши томондаги маҳаллани ўчирамиз, у ерда ишлар амалга оширилади", — деди «Ҳудудий электр тармоқлари» корхонаси Тошкент шаҳри филиали директори ўринбосари.