Ўзгидромет хизмати агентлиги иш ҳафтаси давомида — 12−16 июнь кунлари кузатиладиган об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

Синоптикларнинг прогнозларига кўра, дам олиш кунлари ҳарорат бироз пасайганидан сўнг ушбу ҳафтада ҳарорат яна аста-секин кўтарила бошлайди.

Ҳафтанинг иккинчи ярмида кундузи ҳаво +37…+40 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда баъзи жойларда +41…+42 даражагача исийди. Бу июнь ойининг ўртаси учун экстремал қийматлар эмас, аммо бу даврнинг иқлимий қийматларидан юқоридир, дейди мутахассислар.

Республика ҳудуди бўйича ушбу ҳафта давомида об-ҳаво асосан ёғингарчиликсиз бўлиши кутилмоқда, фақат Фарғона водийси вилоятларида, шунингдек, тоғолди ва тоғли ҳудудларда 12−13 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин.

12−13 июнь кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ушбу ҳафтада ҳаво бироз булутли бўлади, вақти-вақти билан ўзгариб туради, ёғингарчилик кутилмайди. Шамол шарқдан 3−8 м/с тезликда эсади, 12−13 июнда 10 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳарорат асосан кечаси +23…+25 даража, кундузи +37…+39 даража бўлади.