6 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда «Вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарлик янада либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 77 ва 85-моддаларига ўзгартиш ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар қилди.

Таклиф этилган қонун лойиҳаси билан вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлган шахс судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. Шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати 6 ойдан 1 ойга қисқартирилмоқда. Шунга кўра, Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимча киритилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши, вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини янада либераллаштириб, вояга етмаганлик даврида содир этган жинояти учун жазони тўлиқ ўтаб бўлган шахсга, ўз ҳаётини судланганлик тамғасидан холи тарзда янгитдан бошлашига имкон беради.

Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.