5 июнь куни блогер Никита Макаренко ўз Telegram-каналида Бобур боғида яқинидаги чинорлар кесиб ташлангани ҳақида пост қолдирди.

Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси маълум қилишича, инспекторлари томонидан ҳолат ўрганилди.

Ўрганиш давомида Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси 20-уйнинг қарама-қарши томонида ноқонуний равишда 2 туп чинор — (диаметри 62,1 ва 61 см бўлган) дарахтлари тегишли рухсатномасиз Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан таг қисмидан кесиб ташлагани аниқланди.

Ушбу ҳолат билан «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг
37-моддаси талаблари бузилган бўлиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 августдаги 464-сонли қарорига асосан ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланганида 191,4 млн сўмни ташкил этди.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органига юборилгани маълум қилинди.