2 июнь куни Итқисодиёт ва молия вазирлигида Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Учрашувда иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Илхом Норқулов, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ахадбек Хайдаров ва тегишли таркибий тузилма раҳбарлари ҳамда Европа Иттифоқининг ҳамкорлик бўлими бошлиғи Вим Риепма, лойиҳа менежери Адриан Нил иштирок этган.

ЕИ томонидан Қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотларга ёрдам бериш мақсадида тақдим этилаётган 27 млн евро миқдоридаги грант маблағларини олиш бўйича музокаралар ўтказилган.

Бунда, мазкур маблағлар қишлоқ хўжалигининг қуйидаги ислоҳотларни амалга оширишга қаратилади:

  • иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш тадбирларини амалга ошириш;
  • қишлоқ хўжалигида илм-фан, таълим, ахборот ва маслаҳат хизматлари тизимини ривожлантириш;
  • озиқ-овқат ва соғлом озиқланиш хавфсизлигини таъминлаш;
  • давлат харажатларини диверсификасия қилиш.

Мулоқот якунида грант маблағларини олиш бўйича эришилиши лозим бўлган мақсадли кўрсаткичлари келишиб олинган.