Самарқанд вилояти Жомбой туманида 37 ёшли М.Р. (аёл) экин майдонига қорамол тушгани учун турмуш ўртоғининг акаси А.Р. томонидан калтакланди, дея хабар бермоқда вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, 30 май куни фермер хўжалиги ишчиси бўлган қайноға экин майдонига қорамол тушгани учун келинига тан жароҳати етказган. Аёл юз ва қўл-оёқ соҳасидаги жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган.

Вилоят ҳокими ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебинисо Рахманова туман тиббиёт бирлашмасига бориб, аёлнинг ҳолидан хабар олгани, айни вақтда унинг аҳволи нисбатан қониқарли экани маълум қилинди.

«Ҳозирда беморнинг саломатлиги, ҳуқуқий ҳимояси доимий назоратда. Албатта, М.Р.га етказилган тан жароҳатида зўравонлик аломатлари борлиги инкор этиб бўлмас ҳақиқатдир. Хотин-қизларга нисбатан бўладиган тазйиқ ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш, уларни ҳимоя қилиш, бахтли турмуш кечириши учун барчамиз масъулмиз», — дейилади бошқарма хабарида.

Ҳолат юзасидан туман ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.