2024 йил 1 мартдан бошлаб экологик тоза ҳудуд режими жорий қилинган ҳудулардаги фуқаролар йиғинларига экомаҳалла, экоқишлоқ ва экоовул мақоми берилади. Бу президент Шавкат Мирзиёвнинг 31 майдаги экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида белгилаб қўйилди.

Ҳужжат билан Экология вазирлиги томонидан мақомлар берилган ҳудудларда электр энергияси қуёш батареяларига алмаштирилади, йўналишли электробус ҳаракатланиши йўлга қўйилади ҳамда «яшил боғ» ва «яшил жамоат парк»лари ташкил этилади.

Савдо шохобчаларида пластик пакетлар савдоси тақиқланади ҳамда маиший чиқиндиларни саралаш, шунингдек, қайта ишланадиган чиқиндиларни қабул қилиш учун фондоматлар ўрнатилади.

2023 йил 1 июлгача «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларига тегишли қаттиқ маиший чиқинди полигонлари вазирлик тасарруфига ўтказилади. 2025 йил 1 январгача тиббиёт муассасалари, ветеринария ва фармацевтика соҳаси ташкилотларининг чиқиндилари бўйича қуйидаги тартиб босқичма-босқич жорий этилади:

  • чиқиндиларни йиғиш ва сақлаш соҳа ташкилотлари томонидан;
  • ушбу чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш ва утилизация қилиш санитар тозалаш корхоналари томонидан марказлашган ҳолда амалга оширилади.

2024 йил 1 январдан эса Бўстонлиқ ва Зомин туманларидаги туристик-рекреацион зоналарда экологик тоза ҳудуд режими татбиқ этилади.