Президентнинг 31 май куни имзолаган экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини трансформация қилиш борасидаги фармони билан ҳудудларнинг экологик паспорти ва рейтинги жорий қилинади, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжат билан, 1 декабргача туманларда (шаҳарларда) атмосфера ҳавоси ифлосланиши фон мониторингини амалга ошириш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилади.

2024 йил якунигача ҳудудларни экологик баҳолаш бўйича индикаторлар асосида eco-indicator.uz рейтинги шакллантирилади ва ҳар бир ҳудуднинг экологик паспорти эълон қилинади.

2025 йил якунигача эса республика ҳудуди бўйича атмосфера ҳавосининг табиий ифлосланиши юқори бўлган ҳудудларни прогнозлаш ва аҳолини барвақт огоҳлантириш тизими синов тариқасида жорий этилади.