Вазирлар Маҳкамасининг 1 июндаги қарори [226-сонли] билан адвокатлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда. Низомга мувофиқ, гувоҳнома адвокатлик тузилмаси рўйхатдан ўтказилган жой бўйича ҳудудий адлия органлари томонидан 10 йилга берилади.

Талабгор адвокатлик тузилмасига қабул қилингандан сўнг гувоҳномани олиш учун аризани «Юридик ёрдам» ахборот тизими орқали электрон шаклда адлия органига юборади.

Адвокатлик гувоҳномасини бериш учун тўлов ундирилмайди. Гувоҳнома ариза юборилгандан сўнг 2 иш кунида берилади. Ҳужжат тайёр бўлиши билан талабгорга ахборот тизими орқали реал вақт режимида хабарнома юборилади.

Талабгор қуйидаги ҳолларда гувоҳномани ололмай қолиши мумкин:

  • талабгор адвокатлик тузилмасини ташкил этмаган ёки мавжуд адвокатлик тузилмаларидан бирига қабул қилинмаган бўлса;
  • талабгор адвокат қасамёдини қабул қилмаган бўлса.

Агар гувоҳномадаги махсус QR-код сканерлаш имкони бўлмайдиган даражада яроқсиз ҳолга келиб қолса, ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Махсус QR-код тасвири яроқсиз ҳолатга келишининг олдини олиш имконини берадиган технологияда тайёрланиши таъминланади.

Адвокатлик гувоҳномаси қуйидаги ҳолларда қайта расмийлаштирилади:

  • адвокатнинг фамилияси, исми ёки отасининг исми ўзгарганда, унинг лицензияси қайта расмийлаштирилгандан сўнг;
  • адвокат бошқа адлия органи жойлашган ҳудудда рўйхатдан ўтган адвокатлик тузилмасига кирганда;
  • адвокатлик гувоҳномасининг амал қилиш муддати тугаганда;
  • адвокатлик гувоҳномаси йўқотилган ёхуд яроқсиз ҳолга келганда.