25−28 май кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ туманида Устюрт текислиги ва Орол денгизининг қуриган тубида IV халқаро Rally Muynak — 2023 экстремал автомобиль мусобақалари бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар қилди.

Rally Muynak экстремал автомобиль мусобақалари дастлаб Ўзбекистон президентининг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмини жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПК-5611-сон қарорига мувофиқ 2019 йил ўтказилган.

Мусобақаларда двигатель ҳажми 1600 см³ ва 2000 см³ бўлган махсус ускуналанган спорт автомобиллари, шу билан бирга, двигатель ҳажми 1600 см³ бўлган багги спорт автотранспортлари ҳамда двигатель ҳажми 152 см³ дан 500 см³ гача бўлган мотоцикллар иштирок этди.

Нуруллоҳ Шарипов / «Газета.uz»

Спорт автомобиллари умумий узунлиги 425 километрни ташкил этувчи трасса бўйлаб ҳаракатланди. Ушбу масофанинг аксарият қисми Устюрт текислиги ва Орол денгизининг қуриган тубидаги экстремал ҳудудлардан иборат. Багги ва мототцикл мусобақалари эса махсус трассада ўтказилди.

«20 ёшимдан бери автоспортга қизиқаман. Биринчи бор 28 ёшимда Пскентда ўтказилган айлана трассали автопойгада қатнашганман. Rally Muynak мусобақасида дастлаб 2019 йилда қатнашганман. Ўша мусобақада иккинчи ўринни олганмиз. 2021 йилги пойгада эса учинчи ўринни олганмиз. Бу мусобақа жуда экстремал бўлгани учун бизга қизиқ ва айнан шунинг учун қатнашиш мақсадида 1,5 минг км йўл босиб келамиз», — дейди Тошкент шаҳридан келган спортчи.

Хавфли вазиятлар

Мусобақада бахтсиз ҳодисалар ҳам содир бўлди. Хусусан, спорт автомобилларининг бири қисқа туташув сабаб ёниб кетган бўлса, яна бири бошқарувни йўқотиб ағдарилиб кетди. Ҳодисалар оқибатида ҳайдовчиларга жиддий жароҳат олмади.

«Пойга давомида трекнинг энг хавфли жойларида ҳам хавфсизлик меъёрларига амал қилингани ва тажриба туфайли иштирокчилар жиддий жароҳат олмади», — дейилади Қорақалпоғистон туризм вазирлиги ахборот хизмати хабарида.

Ғолиблар

А-8 класси бўйича 1600 см³

  1. Даминов Фарҳод, Алирзаев Азамат (Тошкент шаҳри) — 100 млн сўм;
  2. Набиев Санжар, Тошпулатов Жавоҳир (Жиззах вилояти) — 50 млн сўм;
  3. Тошпулатов Умид, Темиров Жасур (Қашқадарё вилояти) — 15 млн сўм.

А-9 класси бўйича 2000 см³

  1. Урунов Фарруҳ, Алимов Сергей (Тошкент шаҳри) — 100 млн сўм;
  2. Тўйчиев Иброҳим, Тўйчиев Бахтиёр (Андижон вилояти) — 50 млн сўм;
  3. Ахтамов Фикрат, Жумаев Фируз (Самарқанд вилояти) — 15 млн сўм.

Багги бўйича

  1. Кобилов Равшан (Тошкент шаҳри) — 15 млн сўм;
  2. Козаков Абдуманнон (Андижон вилояти) — 10 млн сўм;
  3. Истамов Мурод (Бухоро вилояти) — 5 млн сўм.

Мотоцикллар клaccи бўйича 125 см³

  1. Ахмедов Бахтиёр (Бухоро вилояти) — 15 млн сўм;
  2. Цатурян Богдан (Навоий вилояти) — 10 млн сўм;
  3. Ражабов Асадбек (Бухоро вилояти) — 5 млн сўм.

Мотоцикллар клaccи бўйича 500 см³

  1. Саматов Жасур (Бухоро вилояти) — 15 млн сўм;
  2. Халимбоев Бекзод (Бухоро вилояти) — 10 млн сўм;
  3. Адхамов Иброҳим (Андижон вилояти) — 5 млн сўм.

Мўйноқда ушбу кунларда мусобақа жараёнларидан ташқари кундузи ошпазларнинг гастрономик томошалари бўлиб ўтган бўлса, кечқурун диджейларнинг электрон мусиқий концерт дастурлари ташкиллаштирилди.