май куни 28Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари хотираси»га ўрнатилган бюстлардан бирини уриб, ноўрин ҳаракатлар қилган 27-мактабнинг 3 нафар 6 синф ўқувчисининг ота-оналарига нисбатан жарима тайинланди. Бу ҳақда вилоят ИИББ матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, ўқувчилар кейинчалик ушбу ҳолат видеосини Instagram ижтимоий тармоғига жойлаштирган. «Видео интернет фойдаланувчилари орасида кўплаб эътироз ва муҳокамаларга сабаб бўлди», — дейилади хабарда.

Туман ИИБ ходимлари томонидан ўқувчилар, уларнинг ота-онаси, мактаб ва маҳалла масъуллари иштирокида профилактик суҳбат ўтказилган ва ўқувчиларга нафақат Янгийўл тумани, балки вилоят фахри бўлган бундай шахслар хотирасига ҳурматсизлик қилиш ҳам нотўғри эканлиги тушунтирилган.

Ушбу ҳолатда шахслар вояга етмаганлиги инобатга олиниб, Ўзбекистон МЖтКнинг 47-моддаси 1-қисмига (Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик, шу жумладан вояга етмаган болаларнинг маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этишига олиб келиши — БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади) асосан, уларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий чора кўрилди.