Шахматчи Нодирбек Абдусатторов 29 май — 9 июнь кунлари Норвегиянинг Ставангер шаҳрида бўлиб ўтадиган энг нуфузли классик шахмат турнирларидан бири — Norway Chess мусобақасида иштирок этади. Турнирнинг соврин жамғармаси 2,5 миллион кронни ташкил этади (тахминан 243 минг доллар), ғолиб 750 минг крон (тахминан 67,6 минг доллар) олади.

norway chess, магнус карлсен, нодирбек абдусатторов, шахмат

Турнирда шунингдек:

  • ФИДE жаҳон рейтинги етакчиси Магнус Карлсен (2853);
  • Алиризо Фирузжа (4-ўрин, 2785)
  • Ҳикару Накамура (5-ўрин, 2775)
  • Аниш Гири (6-ўрин, 2768)
  • Фабиано Каруана (7-ўрин, 2764)
  • Уэсли Со (8-ўрин, 2760)
  • Шаҳрияр Мамедяров (16-ўрин, 2738)
  • Гукеш Доммаражу (18-ўрин, 2732)
  • Нодирбек Абдусатторов (19-ўрин, 2731)
  • Арян Тари (104-ўрин, 2642) иштирок этади.

Нодирбек Абдусатторов ChessKid турнирининг учинчи босқичида қозонилган ғалабани нишонламаслигини, аксинча, Ставангер-2023 турнирига, айниқса, Магнус Карлсен билан учрашувга тайёргарлик кўришини айтди.

«Мен Norwey Chess турнирига эътибор қаратаман… Албатта, у ерда Магнус ўйнайди. Унга қарши ўйнашимдан жуда хурсандман», — дейди у.

Магнус Карлсен Norway Chess турнирини кетма-кет тўрт марта ютган (2019 йилдан 2022 йилгача), аммо у узоқ танаффусдан сўнг биринчи марта классик шахмат ўйнайди. Норвегияликнинг ўзи ҳам айни дамда қандай формада эканини билмаслигини таъкидлади: «Ҳозир мен классик шахматни қанчалик яхши ўйнашимни тасаввур ҳам қила олмайман. Уни яна синаб кўриш қизиқарли бўлади.»