Самарқанд вилоятида фуқароларни АҚШга ноқонуний юборишга уринишнинг олди олинди, дея хабар бермоқда вилоят Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати.

22 ёшли фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс ноқонуний тарзда АҚШга жўнатиш ишлари билан шуғулланиб келаётганини маълум қилган. У аввалига Европа орқали Мексикага, сўнгра АҚШга олиб ўтиш учун ҳар бир кишидан 30 минг доллар, ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса олдиндан 10 минг доллар талаб қилган.

Вилоят ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят-қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари Самарқанд шаҳринг Али Қушчи кўчасида тезкор тадбир ўтказган. Тадбир давомида ушбу шахс аризачидан 10 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.