Бир йилда нечта китоб ўқийсиз? Кунингизнинг қанча қисмини мутолаага сарфлайсиз? Хоҳлаганингиздан кўра кам, тўғрими? Иш-ташвишнинг тугамаслиги ёки шунчаки ҳафсала, хоҳиш йўқлиги баҳона бунга. «Газета.uz» китобхонликни тарғиб этиш, ўқувчини кўп ва хўб ўқишга ундаш ниятида «Нима ўқиймиз?» саволи билан олим, тадқиқотчи, жамоат фаоли, ёзувчи-шоир, таржимон ва бошқаларга юзланади, уларнинг йил давомида ўқиган ё ўқилиши шарт деб санаган китоблари тавсиясини сизга етказади. Мақсад жуда оддий — китобхон бўлайлик!

«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — «Asaxiy.uz» интернет-дўкони ва Asaxiy Books лойиҳаси асосчиси Фируз Аллаев.

Мутолаа ҳақида

Китоб ўқиш болаликдан ҳаёт тарзимга айланган десам ҳам алдамаган бўламан. Олдин китобни шунчаки ҳобби, дам олиш ёки билим орттириш учун ўқиган бўлсам, энди, Asaxiy Books нашриёти ишга туширилгач, уларни профессионал сифатида ўқишга мажбурман. Ўзбек тилига таржима қилиш учун китоблар қидириб ҳам мутолаадан тўхтамаймиз. Авваллари йилига 20−30 та китоб ўқиган бўлсам, ҳозир бир йилда 50−60 тагача китобни ўқиб тугатаман. Бир вақтнинг ўзида тўрт-беш хил китобни параллел ўқийман, кунига 100−300 бет атрофида мутолаа қиламан. Бу рақамлар сафардалик вақтим камайиб, уйда бўлганимда ошиб боради. Китоблар билан яшайман, десам ҳам бўлади.

Китоб, умуман ҳар қандай яхши контент мия учун озуқа. Мияни озиқлантириб турмаса, мантиғимиз ва ақлий қобилиятимиз нотўғри йўлга кетиб қолиши мумкин. Дунёга адекват қарашимиз, вазиятларни тўғри баҳолашимиз, бошқаларни тушунишимиз учун ҳам мутолаа долзарб ҳисобланади.

Сўнгги вақтларда ўқилган китоблардан тавсиялар

Олдос Ҳаксли. «Ажиб янги дунё». Asaxiy Books нашриёти. 2021 йил. 260 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

Шундай китоблар бўладики, бир ўқиганинг бутун умр таъсир қилади. Ҳаксли яратган антиутопик дунё кундан-кунга реалликка айланяпти ва шунинг учун ҳам у бизни қайта-қайта ўйлашга мажбур қилади. Ҳакслининг антиутопияси Оруэллникидан нимаси билан фарқ қилади? Оруэллда инсоннинг эрки чекловлар воситасида бошқарилади, Ҳакслида эса, йўқ, эрк чекланмайди — ахборот, лаззат берувчи ва кўнгилочар нарсалар шу қадар кўпаядики, технологик ютуқлар ва кўнгилхушлик билан банд инсонлар ўз ихтиёрини онгли тарзда топширади.

Сунъий идрок орқали истеъмолчи маданиятимиз шаклланаётганини, боласига бир кунда 10−20 дақиқа вақт ажратмайдиган, лекин ўзи Instagram ёки бошқа шу каби сервисларда видеоконтент кўришдан нарига ўтмайдиган, жиддий мавзулардан зерикиб қоладиган одамларни кўрганимда Ҳаксли нақадар ҳақ деб юбораман бехос. Сотиб олиш.

Питер Ҳопкирк. «Катта ўйин. Икки империя тўқнашуви». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 744 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

Бу китобни илк бор Париждаги кутубхонада ўқигандим. Китобнинг дастлабки 15 бети менга жуда ёққанди. Ҳар куни кутубхонага қатнаб, 740 саҳифалик китобни 2−3 соат эринмай ўқийдиган бўлдим. Анча вақт олганди, лекин маза қилганман. Унда яқин ўтмишимиз — ХIХ аср охири ва ХХ аср бошида Марказий Осиё учун Россия ва Буюк Британия ўртасидаги кураш жуда содда ва қизиқарли тарзда ҳикоя қилинади. Мутолаа давомида гўё жосуслар билан бирга Марказий Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон бўйлаб сайр қилгандек бўлганман.

Питер Ҳопкиркнинг бу китобини ўқиб англаган ҳақиқатим шуки — халқаро сиёсатда дўст бўлмайди, ҳамма нарса манфаат устига қурилган. Шунинг учун бугун ҳам Ўзбекистон халқаро сиёсатда фақат ўз манфаатидан келиб чиқиб ҳаракат қилиши кераклигини мунтазам таъкидлаб келаман. Сотиб олиш.

Чарльз Уилан. «Яланғоч иқтисодиёт». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 540 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

«Катта ўйин»ни мазза қилиб ўқиганларга (ва, умуман олганда, уни ўқимаганларга ҳам — ҳаммага) «Яланғоч иқтисодиёт»ни ҳам тавсия қилган бўлардим. Унда ҳам ўта мураккаб мавзу содда ва қизиқарли тилда, кулгили ҳазиллар билан очиб берилган. Ўқиб чиққанингиздан сўнг, ишончим комил, анча вақтгача шу китоб ҳақида фикрлаб, унинг таассуротида юрасиз. Сотиб олиш.

Светлана Алексиевич. «Чернобиль таваллоси». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 396 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

Бу китобни ўқиганимда бўғзимга бир нарса тиқилган; алам билан ўқилган китоб. Адабиёт бўйича Нобель мукофоти соҳиби, беларуслик Светлана Алексиевич Чернобиль фожиасини воқеа гувоҳлари — оддий халқ тилидан ҳикоя қилади. Бу фожиага халқ қандай гувоҳи бўлган, уларнинг ҳаётида бу воқеа қандай акс этган — шу каби муҳим саволларга жавоб топасиз. Ўқилиши ва хулосалар чиқарилиши керак бўлган китоб. Сотиб олиш.

Уолтер Айзексон. «Код бузар». Asaxiy Books нашриёти. 2023 йил. 736 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

«Код бузар» — Уолтер Айзексоннинг Нобель мукофоти соҳиби ҳисобланган генетик олим Женнифер Дудна ҳақидаги китоби. Бу илмий-оммабоп китоб нимаси билан аҳамиятли? Илм-фан муҳити қандай ишлайди, лабораториялардаги ҳақиқий муҳит қандай бўлади, олимлар қандай тарбияланади, улар бир-бири билан қандай рақобат қилади — илм-фан дунёсига ичидан назар солиб, шу каби саволларга жавоб топамиз. Иккинчидан, китобнинг энг асосий мавзуси — генетика, ген инженерияси бўлиб, генларнинг ўзгартирилиши инсоният келажагини қанчалик ўзгартиради ва бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлиги ҳақида ажойиб баёнот берилган. Уолтер Айзексон илм-фан дунёси билан бирга, генетикадек ўта бир мураккаб мавзуни жуда содда тилда баён қилиб бера олган.

Asaxiy Books тарихидаги энг муҳим китоблардан бири ҳисобланган «Код бузар» июнь ойида ўзбек тилида тақдим этилади ва, ўйлайманки, ўзбекистонлик китобхонлар учун жуда катта янгилик бўлади. Сотиб олиш.

Клаус Шваб. «Тўртинчи саноат инқилоби». Asaxiy Books нашриёти. 2022 йил. 248 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

Биз замонавий технологиялар индивидуал даражада хизмат кўрсатиб, бу орқали бизнесларни, соғлиқни сақлашни, экологияни, ҳамма-ҳамма нарсани ва ҳатто мамлакатларни ўзгартираётган бир даврда яшаб турибмиз. Буёғига дунё қандай бўлади, энди нималарни кутиш керак, бугунги технологиялар, технологик тараққиёт қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкин, биз бу оқибатларга қандай тайёргарлик кўришимиз керак — «Тўртинчи саноат инқилоби» китобида айнан шу саволларга жаҳоннинг кўзга кўринган арбоблари билан уюштирилган интервьюлар орқали мантиқий жавоблар изланган.

Китоб муаллифи — Бутунжаҳон иқтисодий форуми асосчиси ва президенти Клаус Шваб турли соҳалардаги ўзгаришлар эҳтимолини таҳлиллар асосида кўрсатиб беради. Бу китоб билан танишиб чиққан киши камида ўзи учун яқин келажак бўйича тўғри йўналиш ола билади. Бу китобни ҳукумат вакилларига, давлат ташкилотларидаги ишлайдигаларга доимий тавсия қилиб келаман — чунки унда давлатларни яқин келажакда нималар кутмоқда ва улар қандай қандай тайёргарликлар кўриб қўйиши керак деганга ўхшаш саволларга жавобларни топиш мумкин. Бу китоб ўқишга қатъий тавсия этилади. Сотиб олиш.

Тони Шей. «Бахт етказиш. Миллиард долларлик интернет-дўкон тарихи». Asaxiy Books нашриёти. 2020 йил. 298 саҳифа

китоб, китоблар, китобхонлик, мутолаа, нима ўқиймиз, тавсиялар, фируз аллаев

Қайта-қайта ўқийдиган китобларимдан бири. Яқинда яна бир марта, адашмасам, олтинчи марта ўқиб чиқдим. Корпоратив муҳит, стартаплар муҳити ҳақидаги бу китобни тадбиркор бўлмоқчи бўлган ҳаммага, тадбиркор дўстларимизга, бизнес раҳбарларига, умуман, бошқарув бўғинида ишлайдиган ҳамма-ҳаммага тавсия қилган бўлардим.

Бу китобда жамоани қандай шакллантириш керак, қандай қилиб мижозга мослашган ўта сифатли хизматни йўла қўйиш мумкин, стартаплар қандай ташкил этилади, қандай ривожлантирилади ва қандай сотилади, инвестиция топиш қанчалик қийин — шу каби саволларга тушунарли бир тилда қизиқарли жавоблар берилган. Тони Шейнинг бу китобини ўқиган тадбиркор ўз бизнесига ўзгартиришлар, тузатишлар киритмай қўймайди. Сотиб олиш.

Ёшларга тавсиялар

  • Дэвид Бах, Жон Дэвид Ман. «Латте омили. Молиявий мустақиллик ва эркин ҳаёт сари» (сотиб олиш);
  • Ато Ҳамдам, Леонид Чигрин. «Япон зобити» (сотиб олиш);
  • Рамита Наваи. «Ёлғонлар шаҳри» (сотиб олиш);
  • Теодор Драйзер. «Сармоядор» (сотиб олиш);
  • Жорж Оруэлл. «1984» (сотиб олиш), «Молхона» (сотиб олиш);
  • Рэй Брэдбери. «Фарангейт бўйича 451 даража» (сотиб олиш);
  • Питер Тиль. «Нолдан биргача: стартаплар ҳақида қайдлар ёхуд келажакни қандай қуриш мумкин» (сотиб олиш);
  • Ҳанс Рослинг. «Factfulness» (сотиб олиш);
  • Лариса Буракова. «Грузия муваффақиятга қандай эришди?» (сотиб олиш);
  • Дэн Браун. «Ибтидо» (сотиб олиш);
  • Малкольм Гладуэлл. «Зукколар ва ландавурлар» (сотиб олиш);
  • Жон Миллер. «SOS! Савол ортидаги савол» (сотиб олиш);
  • Уолтер Айзексон. «Стив Жобс» (сотиб олиш);
  • Брайан Дюмейн. «Безономика: Как Amazon меняет мировой бизнес. Правила игры Джеффа Безоса»
  • Александр Дюма. «Граф Монте Кристо» (сотиб олиш);
  • Чингиз Айтматов. «Биринчи муаллим»;
  • Абдулҳамид Чўлпон. «Кеча ва кундуз» (сотиб олиш);
  • Ayn Rand. «Atlas shrugged»;
  • Brett King. «Bank 4.0: Banking Everywhere, Never at a Bank»;
  • Barbara Oakley. «A Mind For Numbers»;
  • Yuval Noah Harari. «Homo Sapiens», «Homo Deus», «21 Lessons for the 21st Century» (сотиб олиш);
  • Gregory Roberts. «Shantaram»;
  • Эрик Рис. «Нолдан бошланган бизнес. Lean Startup услуби» (сотиб олиш);
  • В. Чан Ким, Рене Моборн. «Мовий уммон стратегияси. Рақобатчиларсиз бозорни топиш ёки яратиш стратегиялари»;
  • Hervé Le Tellier. «L'Anomalie»;
  • Tara Westover. «Educated: A Memoir».