Дам олиш кунлари — 26−28 май саналарида Ўзбекистонда кам булутли ва қуруқ об-ҳаво кутилмоқда, деб хабар берди Ўзгидромет хизмати агентлиги.

Жума ва дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида кам булутли ва қуруқ об-ҳаво сақланиб туради. Фақат Тошкент вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида ва Фарғона водийси вилоятларида бугун ва эртага қисқа муддатли ёмғир ёғиши мумкин.

Республиканинг шимолида ва чўл ҳудудларида баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.

Жума куни кундузи ҳаво ҳарорати +28…+33 даража, шимолда ва чўл ҳудудларда 35 гача, жанубда 37 даражагача атрофида бўлади. Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати секин кўтарилади ва +32…+35, шимолда ва чўл ҳудудларда +35…+37 даражани ташкил этади. Бундай ҳарорат фони май ойи охири учун бўлган меъёрий қийматларга яқиндир.

Пойтахтда 26−28 май кунлари ҳаво очиқ бўлади. Шарқий йўналишдаги шамол бироздан ўртачагача эсади. Ҳаво ҳарорати кечалари +16…+18, кундуз кунлари +30…+33 даража бўлади.