25 май куни Тошкентнинг Олмазор, Сергели ва Яшнобод туманларидаги баъзи ҳудудларида газ таъминоти тўхтатилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Олмазор тумани, «Гуручариқ» МФЙ Қорасарой кўчасидан ўтган ер ости ўрта босимли газ қувурида носозлик аниқланган. «Ҳудудгаз Пойтахт»нинг «Олмазортумангаз» филиали томонидан ушбу ҳолатни бартараф этиш мақсадида таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Шу муносабат билан, 25 май куни соат 11:00 дан 18:00 гача туманнинг «Гуручариқ», «Истиқбол» ва «Қорасарой» маҳаллаларида газ таъминоти тўхтатилади.

«Ҳудудгаз Пойтахт» ГТФнинг «Сергелитумангаз» филиали томонидан Сергели тумани, «Қут-барака» («Белариқ») ва «Кўҳна Қумариқ» МФЙлари ҳудудида газ ҳисоблагичларни ўрнатиш ишлари олиб борилади.

Шу муносабат билан, 25 май куни соат 11:00 дан 15:00 гача туманнинг «Белариқ» ва «Кўҳна Қумариқ» маҳаллаларида газ таъминоти тўхтатилади.

«Ҳудудгаз Пойтахт» ГТФнинг «Яшнободтумангаз» филиали томонидан Яшнобод тумани, «Фидойилар» маҳалласи, 22-Ҳарбийлар шаҳарчаси ҳудудидан ўтган паст босимли газ қувурини кўчириш ишлари олиб борилади.

Шу муносабат билан, 25 май куни соат 10:00 дан 17:00 гача туманнинг 22-Ҳарбийлар шаҳарчаси ҳудудида газ таъминоти тўхтатилади.