Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 25 май куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг ўттизинчи йиғилишида видеоалоқа орқали иштирок этди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати. Ўзбекистон 2020 йилдан буён Россия, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон иштирокидаги иттифоқда кузатувчи мақомига эга ҳисобланади.

Савдо муносабатларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитларни шакллантириш, янги ўсиш нуқталари ва имкониятларни излаш бўйича биргаликда иш олиб борилмоқда. 2022 йилда Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 23 фоизга кўпайди. Барқарор ўсиш суръати жорий йилда ҳам кузатилмоқда.

Ўзбекистон савдо тартиботларини соддалаштириш бўйича ҳамда транспорт, қишлоқ хўжалиги, экология ва туризм соҳаларидаги алоҳида дастурлар ва тармоқ лойиҳаларида иштирок этмоқда.

«Глобал хавф-хатарлар, транспорт-логистика занжирларида жиддий узилишлар, озиқ-овқат тақчиллиги ва энергетик хавфсизлик таҳдидлари ва бошқа муаммолар кучайиб бораётгани мамлакатларимиз барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётининг биринчи галдаги вазифаларини ҳал этиш учун яқин ҳамкорликни янада мувофиқлаштиришни тақозо қилмоқда», — деди Ўзбекистон етакчиси.

Давлат раҳбари мамлакатлар ўртасида савдо айланмаси ҳажмини тубдан ошириш учун савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш ва зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича биргаликдаги ишларни давом эттириш муҳимлигини қайд этди. Техник тўсиқларни бартараф этиш ва сертификатларни ўзаро тан олиш тўғрисидаги битимнинг қабул қилиниши бунга хизмат қилади.еоииЎзбекистон президенти божхона маъмуриятчилиги, санитар, фитосанитар ва ветеринар назорат ҳамда товарларнинг келиб чиқишини сертификатлашнинг электрон платформалари ва онлайн тизимларини интеграция қилиш муҳимлигини кўрсатиб ўтди. Ушбу ташаббусни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш учун экспертлар даражасида батафсил маслаҳатлашувлар ўтказиш таклиф қилинди.

«Евроосиё маконида янги иш ўринларини яратиш ва индустриал хабларни шакллантиришнинг муҳим омили сифатида саноат кооперацияси ва маҳаллийлаштиришни кенгайтириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўрилиши лозим, деб ҳисоблаймиз», — деди президент.

Ўзбекистон кооперация лойиҳаларини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича кўп томонлама дастурларда ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгаши фаолиятида иштирок этишдан манфаатдор экани билдирилди.

Муқобил транспорт йўлакларини шакллантириш ва барқарор логистика занжирларини яратиш борасида биргаликдаги ишларни кучайтириш аҳамиятига эътибор қаратиб, Ўзбекистон етакчиси Шимол — Жануб халқаро йўлакларини ва минтақамизни Хитой, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари билан боғловчи бошқа магистралларни ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари тариф сиёсати масалаларида яқиндан мувофиқлашув зарурлигини қайд этиб, «Ўзбекистон — Афғонистон — Покистон» темир йўли қурилишини амалга ошириш бўйича Лойиҳа офиси ишига қўшилишга таклиф этди.

Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида Ўзбекистон раҳбари қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари импорти ўрнини фаол босишни рағбатлантириш, «яшил» йўлакларнинг тўлақонли ишлашини таъминлаш, қўшма тадқиқотлар ўтказиш ва инновацияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ҳамда мамлакатлар агробизнеси вакиллари ўртасида кооперация алоқаларини ривожлантиришни рағбатлантириш таклифларини илгари сурди.

Шу мақсадда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги вазирлари, озиқ-овқат маҳсулотларининг етакчи ишлаб чиқарувчилари ва импортчилари иштирокида «ЕОИИ плюс» форматида Аграр форумни ўтказиш ташаббусини билдирди.

Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, олий таълим муассасалари ва профессионал таълим марказлари ўртасида шериклик муносабатларини йўлга қўйиш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳаларда иштирок этиш имкониятлари қайд этилди. Муҳандислик-техник ихтисосликлар бўйича талаб юқори бўлган кадрларни биргаликда тайёрлаш юзасидан «йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш таклиф этилди.