Украинадаги уруш ва халқаро санкциялар фонида Россиянинг «МДҲда йирик дипломатик ҳамкор ва хавфсизлик кафолати, шунингдек, иқтисодий марказ сифатидаги роли емирилмоқда». Бу ҳақда Moody’s халқаро рейтинг агентлигининг МДҲ мамлакатлари геосиёсий динамикаси бўйича шарҳида айтилади.

Бироқ Россиянинг геосиёсий амбициялари пасайгани йўқ, дейди таҳлилчилар. Россия ўз таъсирини сақлаб қолиш учун вақти-вақти билан сиёсий аралашув, беқарорлик ва дезинформацияга мурожаат қилади. «Бошқа ҳолларда, у ўзининг геосиёсий мажбуриятларидан воз кечиши ёки унинг ўрнига ўз қадриятларини илгари суриш каби юмшоқ куч стратегияларига эътибор қаратиши мумкин», — дейилади шарҳда.

Moody’s агентлиги Россиянинг жаҳон саҳнасига таъсирининг заифлашиши МДҲ минтақаси ва айниқса, Марказий Осиёда геосиёсий иттифоқларнинг ўзгаришига олиб келишини кутмоқда. Агентлик маълумотларига кўра, Хитой, АҚШ, Европа Иттифоқи, шунингдек, Туркия ва Эрон тобора муҳим роль ўйнайди.

«Россиянинг Украинага бостириб кириши Марказий Осиёни Россиянинг барқарор дипломатик ҳамкор, жумладан, хавфсизлик кафолати сифатидаги ролини қайта кўриб чиқишга олиб келди», — деб ёзади таҳлилчилар.

Россиянинг иқтисодий таъсири кучлилигича қолмоқда, бироқ Марказий Осиё давлатлари ҳам ўзларининг экспорт йўналишларини Европа Иттифоқи ва Хитой каби бошқа йирик бозорларга диверсификация қилишга интилмоқда, дея қайд этади Moody’s. Шундай қилиб, 2022 йилда Марказий Осиё ва Хитой ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 70,2 млрд долларга етди ва 2021 йилга нисбатан 40 фоизга ўсди. Туркиянинг минтақадаги роли ҳам ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, Марказий Осиё давлатлари ҳам ташқи молиялаштириш манбаларини қидирмоқда, хусусан, минтақага қизиқиш билдирган Европа Иттифоқи ва АҚШдан, деб ёзади Moody’s. Агентлик маълумотларига кўра, Европа Иттифоқи аллақачон минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун асосий манба бўлиб, унинг улуши 40 фоиздан ортиқни ташкил қилмоқда.