19 май куни Вазирлар Маҳкамасининг ««Мирзо Улуғбек ворислари» тайёрлов ўқув курсларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори [206-сон] қабул қилинди.

Қарорга кўра, ўқув курслари қуйидаги йўналишларда ташкил этилади:

  • ахборот технологияларидан ва коммуникацияларидан фойдаланиш (бошланғич);
  • математик статистика;
  • алгоритмлаш асослари;
  • маълумотларни қайта ишлаш;
  • дастурлаш тиллари (Phthon);
  • инглиз тили;
  • қарор қабул қилиш асослари.

Ўқув курслари жамоа бўлиб ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича ҳам ташкил этилиши мумкин. Биринчи ўқув йилида камида 60 нафар тингловчи қабул қилинади, кейинги йилларда тингловчилар сони эҳтиёждан келиб чиқиб, ошириб борилади.

Таълим олиш 34 ҳафта муддат давомида «Blending learning — аралаш таълим технологияси» асосидаги ўқув дастурига мувофиқ ташкил этилади. Ушбу курсларда ўқиш учун танловнинг биринчи йилида республика давлат ОТМларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли тамомлаган (академик қарздорлиги бўлмаган) талабалари иштирок этишлари мумкин.

Ушбу ўқув курсларига қабул қилинган республика ҳудудларидаги талабаларининг ўқишини мос ва турдош йўналишларда Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ОТМларига академик мобиллик асосида бир йил муддатга кўчирилади.

Ўқув курсларига қабул қилинган талабалар (тингловчилар):

  • ушбу ўқув курсларида ўқиши давомида БҲМнинг тўрт баравари (1 млн 320 минг сўм) миқдорида ҳар ойда бир маротаба рағбатлантириб борилади;
  • Турар жой билан таъминланади ёки асосий ўқиш жойи бўлган ҳудудлардаги давлат ОТМлари томонидан белгиланган тартибда ижара тўловларининг бир қисми қоплаб берилади;
  • Ўқиши давомида бир маҳал иссиқ овқат билан таъминланади;
  • таълим олиш муддатига зарур компьютер жиҳозлари (ноутбук ва бошқалар) тақдим этилади;
  • IT-парк резидентлари бўлган ташкилотларда амалиётларда қатнашиши таъминланади;
  • Ўқув курсларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармаси ва Тошкент шаҳридаги Инха университети томонидан тасдиқланадиган тегишли йўналиши бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади.

Танловнинг биринчи йилида давлат ОТМларининг бакалавриат босқичида (барча таълим шакли бўйича) 2-курсни муваффақиятли тамомлаган (академик қарздорлиги бўлмаган) талабалари иштирок этади.

Ўқув курсларига иқтидорли тингловчиларни қабул қилиш жараёни ҳар йили-июнь-август ойларида қуйидаги уч босқичда амалга оширилади:

1-босқич — онлайн ариза ва IQ тест (онлайн тест) топшириш. (100 баллик тизимда баҳоланади)

Номзодлар танловда иштирок этиш учун онлайн аризани Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш «Улуғбек» жамғармасининг dscience.uz веб-сайти орқали тўлдиради. Жами 300 нафар энг юқори балл тўплаган номзодлар 2-босқичга ўтказилади.

2-босқич — имтиҳон. Бунда қуйидаги мезонлар асосида 100 баллик тизим бўйича баҳоланади:

  • ахборот-коммуникасия технологияларидан фойдаланиш (бошланғич);
  • алгоритмлаш ва дастурлаштириш асослари;
  • мантиқий савол ва масалалар;
  • математикадан мантиқий масалалар;
  • математик статистика масалаларини ечиш;
  • алгебрадан мисоллар ечиш;
  • тенгламалар ечиш;
  • комплекс сонлар ва улар устида амаллар.

120 нафар энг юқори натижа кўрсатган номзодлар 3-босқичда иштирок этишга тавсия этилади.

3-босқич — суҳбат. (100 баллик тизимда баҳоланади)

Суҳбатда республикада рақамлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушуниш ва фикрлаш қобилиятининг мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда саволлар берилади.

Танловнинг учинчи босқичи ғолиблари тўғрисида маълумот ташкилотчилар томонидан ўн иш куни ичида эълон қилинади.