Андижон туманида майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўрнатган хонадон аниқланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Андижон туман бўлими томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда фуқаро М.И. ўз уйида 45 та тўпламдаги «Bitmain» майнинг крипто-активлари қурилмаларини ўзбошимчалик билан умумий фойдаланишдаги электр тармоқларига улаб, жами 323,4 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 185−2-моддаси (электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.