Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати ижтимоий тармоқларда грант асосида таҳсил олган ОТМ битирувчиларини мажбурий тартибда камида 3 йил ишлаб бериш талаби бекор бўлгани ҳақида тарқалаётган хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Президентнинг 2005 йил 7 июлдаги қарори билан Кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланган. Унда олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида таҳсил олиб тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти белгиланган.

Давлат раҳбарининг 2022 йил 15 июндаги қарори 3-иловасига мувофиқ президентнинг айрим қарорлари, жумладан, 2005 йил 2 июндаги 92-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисобланган. Аммо мазкур қарор ижросига кўра ишлаб чиқилиб, тасдиқланган кадрларни давлат грантлари асосида мақсадли тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низом ўз кучини йўқотмаган.

«Шунга кўра, ҳозирга қадар низомдаги тартиблар янги ҳуқуқий нормаларга зид эмас ва ушбу низомни ўз кучини йўқотган деб топиш бўйича қоида бирор-бир норматив ҳужжатда кўзда тутилмаган. Бундан кўринадики, олий таълим муассасаларини давлат гранти асосида тамомлаган битирувчиларнинг уч йил ишлаб бериш мажбурияти ҳозирги кунда ҳам амал қилади», — дейилади вазирлик изоҳида.

Қайд этилишича, «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонунининг 46-моддаси биринчи қисмига кўра «Илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинганлиги муносабати билан зарур ўзгартишлар ва (ёки) қўшимчалар киритилади ҳамда илгари қабул қилинган барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ёки уларнинг қисмлари, агар улар янги ҳуқуқий нормаларга зид бўлса ёхуд янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тўлалигича қамраб олинган ёки амалда ўз ҳуқуқий аҳамиятини йўқотган бўлса, лекин расман ўз кучини йўқотган деб топилмаган бўлса, ўз кучини йўқотган деб топилиши лозим».