20 май куни Вазирлар Маҳкамасининг республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш учун масъул ходимлари малакасини ошириш ва рейтинг баҳолашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, 1 июлдан давлат органларининг АКТ соҳасига масъул ходимлари 3 йилда бир марта малакасини оширади. Мазкур ходимларнинг малакасини оширишга Рақамли технологиялар вазирлиги масъул ҳисобланади.

Малака ошириш курси 24 соатдан кам бўлмаслиги лозим, курсни тамомлаган ходимлар икки ойда рейтинг баҳолашдан ўтказилади. Жараён билан боғлиқ барча харажатлар уларни юборган давлат органларининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

1 августдан давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳам рақамли технологияларни кенг жорий этиш ва лойиҳаларни самарали амалга ошириш бўйича Давлат бошқаруви академиясида қисқа муддатли курсларда ўқитилади.