Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Сангардак қишлоғида 110 млрд сўмлик санаторий қурилмоқда, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

20 май куни вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов қурилиши кетаётган 200 ўринли «Сангардак» санаторийсидаги ишлар билан танишди. Объект Касаба уюшмалари федерацияси томонидан барпо этилмоқда. Унинг умумий қиймати 110 млрд сўм бўлиб, бино 7 қаватдан иборат.

«Ўзига хос табиати, шаршараси ва мусаффо ҳавоси сабаб маҳаллий ва хорижлик сайёҳларнинг севимли масканларидан бирига айланган Сангардак қишлоғида бу каби санаторийларнинг барпо этилиши экотуризм ривожига хизмат қилади», дейилади хабарда.

Вилоят раҳбари лойиҳани ўз муддатида фойдаланишга топшириш, шунингдек, мутасаддиларга сиҳатгоҳ қурилишида юзага келаётган муаммолар, хусусан, сув ва электр энергияси таъминоти масаласини ҳал қилиш бўйича топшириқ берди.