Андижонда ўзига ўт қўйгани айтилаётган Ҳиндистон фуқаросининг куйган жасади топилди, деб хабар қилди Андижон вилояти прокуратураси матбуот хизмати.

Прокуратура маълумотларига кўра, 9 май куни Ҳиндистондан Ўзбекистонга келган фуқаро (1986 йилда туғилган эркак) Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган 2002 йилда Ҳиндистонда туғилган талаба қизнинг олдига келиб, унга турмуш қуриш истагида келганини билдирган ва институт яқинидаги меҳмонхонада яшаб келган.

«Қиздан рад жавобини олганидан сўнг унинг руҳиятида ўзгариш бўлиб, Ҳиндистонлик бошқа талабаларга энди ҳаётнинг қизиғи йўқлиги, ўз жонига қасд қилиши ҳақида айтиб келган ва „Захриддин Муҳаммад Бобур“ номидаги истироҳат боғи ҳудудига кирувчи адирликда номаълум суюқлиқ ёрдамида ўзини ёқиб, воқеа жойида вафот этган», — дейилади хабарда.

Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотларига кўра, марҳумнинг танаси ва ички аъзоларида бирор бир кўринишдаги тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳозирда суд-тиббий, суд-кимёвий ва суд-биологик экспертизалари тайинланган. Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми (Ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш) билан жиноят иши қўзғатилди.