10−14 май кунлари Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри худудларида илк маротаба эркаклар ва аёллар ўртасида велоспортнинг шоссе тури бўйича «Oqtosh-Chorvoq Mountain» кўп кунлик Олимпия ўйинларида иштирок учун очко берувчи халқаро мусобақалар ташкил этилди. Турнир натижаларига қўра, миллий терма жамоа жами 6 та медаль қўлга киритди. Бунинг ортидан эркаклар терма жамоаси UCI (Халқаро велосипедчилар иттифоқи) рейтингида 52 ўриндан 34 ўринга кўтарилди. Аёллар терма жамоаси эса 22 ўриндан 17 ўринга кўтарилди. Велоспорт федерациясининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бу Париж-2024 йил Ёзги Олимпия ўйинларига квоталар (лицензиялар) қўлга киритиш имкониятини янада оширади.

Мусобақада дунёнинг 14 та давлатидан сараланган 120 га яқин велоспортчилар иштирок этди. Ўзбекистон миллий терма жамоа аъзолари жами 43 нафар спортчи билан қатнашди.

10 май куни мусобақанинг биринчи куни аёллар ўртасида бўлиб ўтган 9 км узоқликка яккалик пойгада терма жамоа аъзолари Олга Забелинская олтин медаль, Янина Кускова кумуш медалга эга чиқишган бўлса, эркаклар ўртасида бўлиб ўтган 10 км яккалик пойгада олтин медаль Улуғбек Саидов, бронзо медали Бехзод Рахимбаевга насиб этди.

11 май куни аёллар ўртасида бўлиб ўтган 130 кмга жамоавий пойгада терма жамоа аъзоси Маргарита Мисюрина олтин, София Каримова бронза медалига эга чиқди. 13 май куни гуруҳ пойгаларида аёлларда 20 км масофага бўлган пойгаларда Янина Кускова олтин, Олга Забелинская кумуш медалларга эга чиқди.

Эркаклар ўртасида Олимпия рейтинг очколари берувчи 30 кмга пойгада ўзбекистонликлар кучли 10 таликдан ўрин эгаллади. Унга кўра, А.Фомовский 3-ўрин, М.Холмуродов 4-ўрин, Б.Рахимбоев 6-ўрин ва Д.Бочаров 7-ўринни эгаллади.

14 май мусобақанинг сўнгги куни аёллар стартга чиқиб 111 км масофага гуруҳ пойгасида қатнашди. Унда Я.Кускова — олтин медаль, О.Забелинская кумуш медаль ва М.Мисюрина бронза медалларни қўлга киритди. Эркаклар ўртасидаги 151 км масофага гурух пойгасида терма жамоа аъзоси М.Холмуратов хам энг кучли 10 таликдан жой олди.

Мусобақанинг якуний натижаларига қўра, Ўзбекистон терма жамоаси жами 6 та медални қўлга киритди. Шунингдек, улар мамлакат велосипед спорти тарихида биринчи маротаба UCI Олимпия рейтинг очколарини берувчи балларни тўплади.