14 май куни Туркияда президентлик ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига амалдаги президент Режеп Таййип Эрдоған, мухолифатчилардан ягона номзод Кемал Қиличдарўғли ва Альянс Ata партияси блокидан номзод Синан Оган даъвогарлик қилди. Яна бир мухолифат номзоди, «Ватан» партияси раҳбари Муҳаррем Инже рақибларини ҳалол рақобат тамойилларини бузганликда айблаб, 11 май куни бўлиб ўтажак сайловлардан воз кечишини билдирди.

Сайлов бюллетенларининг 98,96 фоизи санаб чиқилгач, Эрдоған 50 фоиздан кам овоз тўплади.

Туркия матбуоти томонидан эълон қилинаётган маълумотларга кўра, Тошкент вақти билан 10:30 ҳолатига Эрдоған 49,35 фоиз, Қиличдарўғли 45 фоиз, Оган эса 5,22 фоиз овозга эга.

Ҳозирги натижа Туркияда президентлик сайловларининг иккинчи босқичи 28 май куни бўлиб ўтишини англатади. Сабаби биринчи турда номзодлардан бири ғалаба қозониши учун у камида 50 фоиз овоз олиши талаб этилади.

«ТАСС» манбасига кўра, жорий сайловдаги 93,6 фоиз иштирок Туркия учун рекорд ҳисобланади. OdaTV канали эса бироз камроқ кўрсаткич қайд этди — 87,62%.

Якуний натижалар 19 май куни эълон қилинади.

Meduza нашрининг ёзишича, ҳозирча овоз бериш натижалари сайловга бир ҳафтадан сал кўпроқ қолганида ўтказилган ижтимоий сўров натижаларидан фарқ қилади. Konda компаниясининг 6−7 май кунлари ўтказган сўров натижаларига кўра, 49,3% овоз билан Қиличдарўғли ғалаба қозониши, Эрдоған эса иккинчи ўринни 43,7% овоз билан қўлга киритиши тахмин қилинганди.

14 май куни Эрдоған Истанбулнинг Ускудар туманидаги мактаблардан биридаги сайлов участкасида овоз берди. Сайлов участкасида президент ва унинг рафиқасини уларнинг тарафдорлари кутиб олди.

кемал қиличдарўғли, режеп таййип эрдоған, туркиядаги сайлов

Қиличдарўғли эса турмуш ўртоғи ва яна бир нуфузли мухолифат сиёсатчиси, Туркия пойтахти мэри Мансур Явас билан Анқарадаги сайлов участкасида овоз берди. Уларни ҳам кўплаб тарафдорлар кутиб олди.

кемал қиличдарўғли, режеп таййип эрдоған, туркиядаги сайлов

Қиличдарўғли ўз твитида сайлов кузатувчиларига мурожаат қилиб, уларни овозларни санаш жараёнини диққат билан кузатишга чақирди. «Мен демократия қаҳрамонларига мурожаат қилмоқчиман. Охирги сайлов қутиси санаб чиқилмагунча, ҳеч қандай сабаб билан сайлов қутисини қаровсиз қолдирманг. Халқ иродасининг тўлиқ ва тўғри намоён бўлиши сизнинг қатъиятингизга боғлиқ. Ва амин бўласизки, чарчоқларининг мукофотланади», — деб ёзган сиёсатчи.

Сайловда оммавий фирибгарлик ҳали қайд этилмаган. Шу билан бирга, индивидуал қонунбузарликлар аниқланган: масалан, Истанбул ва Гиресун шаҳарларида сайлов участкаларида Эрдоған муҳри босилган варақлар топилган. Бу фактлар YSK га кузатувчилар томонидан маълум қилинган. Эрдоғаннинг ўзи сайловлар «муаммоларсиз» ўтаётганини айтган. YSK раиси Аҳмед Йенер ҳам худди шундай баҳо берган.

74 ёшли Қиличдарўғли Туркия парламенти депутати, Халқ альянси етакчиси ҳисобланади. Лекин у нафақат ўз партиясидан, балки Халқ альянсини тузган яна бешта мухолиф партиядан ҳам номзод бўлди.

Deutsche Welle нашрига кўра, Амалдаги президент Эрдоған бу натижалардан сўнг берган баёнотида сайловларнинг иккинчи босқичига тайёрлигини маълум қилди.

Қиличдарўғли ҳам иккинчи тур ўтказилишига розилигини айтди. Ўз навбатида, сиёсатчиларнинг ҳар иккиси ҳам ўз ғалабаларига ишонч билдирган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда жами 1772 нафар Туркия фуқароси сайловда овоз берди. Овозларнинг 52,6 фоизи Эрдоғанга, 40,88 фоизи Қиличдарўғлига берилган.