Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россиянинг Москва шаҳрида жойлашган «Монро» кафесида ўзбекистонлик 30 нафар мигрант томонидан жиноят содир этилгани ҳақидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Readovka нашрининг ёзишича, 30 нафар ўзбекистонлик 10 май куни кечаси кафега ҳужум қилган. Оқибатда ходимларнинг қовурғалари синган ва ўғриликлар содир этилган.

Миграция агентлиги эса бу ишда Ўзбекистон фуқаролари иштирок этганини рад этди.

Дастлабки ўрганишлардан маълум бўлишича, 11 майга ўтар кечаси тиббий ниқобдаги 25 нафарга яқин фуқаро Вешняковская кўчасида жойлашган «Монро» кафесига кириб, кафе мулкига зарар етказа бошлаган. Шундан сўнг кафе ходимларига ҳам ҳужум қилган.

Воқеадан бир неча соат ўтгач, гумонланувчиларнинг бир гуруҳи Подольск ва Коммунарк ҳудудларида ҳибсга олинган.

Шунингдек, мазкур воқеадан бир неча кун олдин ушбу кафе ходимлари ва мижозлар ўртасида юзага келган зиддият оқибатида кафе мулкига етказилган зарар учун 30 минг рубль товон пули ундирилган.

Вешняки тумани ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, мазкур воқеа гумонланувчилари ўртасида Ўзбекистон фуқаролари бўлмаган.