Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати ижтимоий тармоқларида тарқалган «ваҳшийларча калтакланган аёл тақдирига эътибор қаратишларини сўраймиз» сарлавҳали видеохабар юзасидан муносабат билдирди.

7 май куни Қўқон шаҳар Аҳиллик кўчасида яшовчи фуқаро М.О. турмуш ўртоғи Г. С.ни бошқа бир эркакдан рашк қилиб, у билан яқин муносабатда бўлганини тан олишини сўраган.

Г. С. бошқа эркак билан гаплашмаганини билдиришига қарамасдан, эркак унинг танасини турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Оқибатда аёл шаҳар тез-тиббий ёрдам кўрсатиш марказига мурожаат қилган. Воқеа Қўқон шаҳар ИИБ томонидан тегишли тартибда рўйхатга олиниб, судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Дастлабки экспертиза маълумотномасида фуқаро Г. С.да «ўнг кўз атроф қовоқ, чакка, яноқ, чап кўз атроф қовоқ яноқ, бўйин ўнг ён юзасидан ўнг чакка суяк соҳаларда, кўкрак қафаси орқа юзаларида, ўнг ва чап болдирида катта ҳажмдаги қон талашлари бўлиб, „енгил“ тан жароҳатлари тоифасига кириши» ташҳиси қўйилган.

Ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан фуқаро М.О.га нисбатан 10 май куни Жиноят кодексининг 126−1-моддаси 3-қисми яъни, оилавий зўравонлик билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Янги киритилган моддага кўра, ушбу банд билан айбдор деб топилган шахс базавий ҳисоблаш миқдорининг ўттиз бараваридан етмиш бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан икки йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.