Ҳукумат 1 августга қадар давлат ўзига олган ҳар бир янги мажбурият бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқади. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев 8 май куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар, суд ва ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари ва жамоатчилик фаоллари билан референдум якунларига бағишланган учрашувда айтиб ўтди.

«Нима учун аҳолимиз референдумда бунчалик фаол бўлдилар, нимага улар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқдалар? Чунки Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларимизнинг қишлоқ ва овулларидан тортиб, пойтахтимиз маҳалла ва кўчаларидаги улкан бунёдкорлик ва ободончилик ишларини ўз кўзлари билан кўраяптилар», — деди президент.

Мамлакатда камбағаллик борлиги тан олиниб, алоҳида дастурлар асосида уни қисқартириш бўйича катта иш олиб борилаётгани маълум қилинди.

Шу мақсадда аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларнинг даромадини ошириш борасида «учта дафтар», ижтимоий реестр тизими йўлга қўйилиб, салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди.

«Асосийси, фуқаролар ислоҳотларимизни қўллаб-қувватламоқда. Лекин, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Бу борада одамларимиз янгиланган Конституциядан, биз жорий этаётган янги тизимдан кўп нарсаларни кутмоқда. Аҳолимизга муносиб турмуш шароитларини яратиш учун, энг аввало иқтисодий ўсишни таъминлаш зарур. Ялпи ички маҳсулотимиз ҳажмини ҳозирги 80 миллиард доллардан яқин йилларда 160 миллиард долларга етказиш учун бор имкониятларни ишга солишимиз керак. Бу — аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот ҳажми 4 минг долларга етади, дегани», — деди президент.

Биз бундан буён ҳам хусусий секторни қўллаб-қувватлаш, солиқ маъмурчилигини янада соддалаштириш, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини камайтириш борасидаги ишлар жадал давом эттирилиши айтилди.

Ҳукуматга 1 августга қадар давлат ўзига олган ҳар бир янги мажбурият бўйича уларнинг маблағлари, ижро механизмлари, бу масалада масъул вазирлик ва ҳокимликлар аниқ кўрсатилган алоҳида дастур ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.