Ўзбекистонда ҳар қандай радикаллашувга, диндан сиёсий мақсадларда фойдаланишга ҳеч қачон йўл қўйилмайди. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 8 май куни референдум якунларига бағишланган учрашувда айтиб ўтди.

Давлат раҳбари бундан буён ҳам миллати, тили, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳар бир фуқаронинг виждон эркинлиги таъминланишини билдирди. Барча диний конфессиялар эркин фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар яратиб берилиши, мамлакатда миллатлар ва конфессиялар ўртасида тотувлик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш сиёсати изчил давом эттирилишини қайд этди.

«Ўзбекистон — дунёвий давлат ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Халқимизнинг референдум орқали билдирган хоҳиш-иродаси, қатъий танлови ҳам шу!» — деди президент.

«Мен президент сифатида иш бошлаган биринчи кунданоқ „Биз халқимизга хизмат қилгани келганмиз“, „Биз халқни рози қилишимиз керак“ деган гапларни доим такрорлайман. Ислоҳотларни бошлаган пайтда ўзимиз тасаввур ҳам қилмаган жуда кўп муаммо ва синовларга дуч келдик. Уларга эл-юртимиз билан биргаликда ечим топиб, ҳар бир масалани жойида ҳал қилиб бораяпмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг айтишича, бу мақсад йўлида қанчалик оғир бўлмасин, зарур маблағларни, керак бўлса, ортиқчаси билан топиб, барча имкониятлар ишга солинмоқда.

«Халқимизнинг ўзи — энг адолатли ҳакам. Мен аминман, бугун юртимиздаги ҳар бир инсон „ҳаётимда ижобий ўзгариш бўлмоқда“, деб айта олади», — деди давлат раҳбари.