8 май куни президент Шавкат Мирзиёев референдум якунларига бағишланган учрашувда иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори мунтазам ошириб борилишини таъкидлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар қилди.

Президент йиғилиш давомида мамлакат суверенитетини янада мустаҳкамлашда глобал иқлим ўзгариши, озиқ-овқат, энергетика, логистика билан боғлиқ хавф-хатарлар, сув тақчиллигининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича янги ташаббус ва дастурлар ишлаб чиқилиши ва ҳамкорларимиз билан бирга фаол иш олиб борилишини қайд этди.

«Биз Ўзбекистонни ижтимоий давлат, деб эълон қилдик. Мамлакатимизда 2 миллион 200 мингдан зиёд ижтимоий кўмакка муҳтож, давлатдан ёрдам олаётган оилалар бор. Аҳолимизнинг 55 фоизи ёшлардан иборат. Янгиланган Конституциямизда давлатнинг ижтимоий мажбуриятлари 3 баробар кўпайтирилмоқда. Бу рақамни айтиш осон, лекин уни амалда таъминлаш жуда катта меҳнат талаб қилади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакат раҳбарининг сўзларига кўра, бунга давлат бюджетидан ҳар йили қўшимча 30−40 триллион сўм ажратиш керак бўлади.

Шунингдек, у бунинг ҳисобидан ҳар йили юзлаб янги боғчалар, мактаб ва шифохоналар қуриш лозимлигини таъкидлади. Нуронийлар, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган инсонлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламига ижтимоий хизматлар кўлами янада кенгайтирилишини билдирди.