Ҳафта давомида Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кўтарилиб боради, асосан кам булутли ва қуруқ об-ҳаво бўлади. Ўзгидромет матбуот хизмати хабарига кўра, ҳафта ўртасига келиб кунлар +38 даражагача исиши мумкин.

Ҳарорат кечалари +13…+18, кундуз кунлари +30…+35 даражагача етади. Жанубда ва чўл ҳудудларда ҳарорат бундан-да юқори бўлиши, +36…+38 даражага етиши мумкин. Бу май ойининг ушбу даври учун ўртача кўп йиллик қийматлардан +5…+7 даражага юқоридир.

12 майда республика ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан нисбатан нам ҳаво кириб келади. Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳаво ҳарорати +2…+3 даражага пасайиб, ўртача +27…+32 даража бўлади.

8−9 май кунлари шимолда, 11−12 май кунлари эса республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 13−18 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин. Тоғолди ва тоғли ҳудудларда 8 ва 11−12 майда момақалдироқ билан маҳаллий ёмғирлар ёғиши мумкин.

Тошкент шаҳрида ҳам 8−11 майда ҳаво асосан кам булутли бўлади, ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат 8 майда +25…+27, 10−11 май кунлари +32…+34 даражагача аста-секин кўтарилади. 12 майда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат нисбатан пасаяди.