7 май куни таниқли ўзбек футболчиси ва мураббийи Виктор Жалилов 71 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.

Виктор Романович Жалилов 1952 йил 17 мартда Тошкент шаҳрида туғилган. Футболчи сифатида «Пахтакор» ва Наманганнинг «Текстилчи» жамоаларида ўйнаган.

1995 йилда Наманганнинг «Навбаҳор» жамоасини бошқарган, бронза медали совриндорига айланган. 1996 йилда жамоа билан мамлакат чемпионати ва кубогини қўлга киритиб, «олтин дубл»га эришган. 1997−1999 йилларда «Навбаҳор» билан бирга яна 3 марта бронза медали совриндори бўлган.

2000 йилда «Пахтакор»га қайтиб, 2 йил давомида бош мураббий ёрдамчиси бўлиб ишлаган. 2002 йилда эса клуб бош мураббийи бўлган, мамлакат чемпионлиги ва кубогини қўлга киритиб, «олтин дубл»ни такрорлашга муваффақ бўлган.

Фаолияти давомида, шунингдек, Қашқадарёнинг «Машъал» ва Самарқанднинг «Динамо» клубларида ҳам ишлаган, 2015 йилда Ўзбекистон U-22 жамоасига бош мураббий этиб тайинланган.

У 2 карра Ўзбекистон чемпиони, 3 карра кумуш, 4 карра бронза медали совриндори, 4 карра Ўзбекистон кубоги соҳиби ҳисобланади. 3 марта Ўзбекистонда йилнинг энг яхши мураббийи деб топилган.