6−8 май кунлари Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида lll Халқаро бахшичилик санъати фестивали бўлиб ўтди. Тадбир давомида маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ОАВ вакилларининг фестиваль билан боғлиқ саволларига жавоб берди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.

Назарбеков сўзи аввалида бахшичилик санъати ҳақида гапирди.

«Бу санъат тури ўта қадимийлиги билан қадрлидир. Ўтган йиллар мобайнида бахшичиликнинг бу даражада қўллаб-қувватланмагани ёки умуман четда бўлганини ҳаммамиз кўрганмиз, гувоҳи бўлганмиз. Бахшичилик миллат сифатида ўтмишимиз, қадриятларимиз, маданиятимизнинг салмоғини кўрсатиб берадиган, бутун инсониятга қадим халқ эканимизни сўзсиз исбот қилиши мумкин бўлган алоҳида бир жиҳатимиз ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу санъатни йўқотмай, сақлаб қолишимиз, келгуси авлодга тўла-тўкис етказишимиз керак, шу мақсадда қатор ислоҳотлар қаторида мазкур фестиваль ташкил этилди», — дейди вазир.

Унинг айтишича, 2019 йилдан бери ҳар икки йилда бир ўтказиб келинаётган ушбу халқаро тадбир нафақат ўзбек, балки бошқа халқларнинг ҳам бахшичилик ва достончилик санъатини тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

«Бахшичилик ҳар бир халқда сақланиб қолиши шарт бўлган бир санъат тури ҳисобланади. Буни қадрлайдиган мамлакатлар жуда кўплигини тадбир давомида билиб боряпмиз. Бугунги глобаллашув даврида бу фестиваль халқлар ва миллатларни бирлаштиряпти, таназзулга юз тутиб бораётган бахшичиликнинг қайта жонланиши мана шу санъатни елкасида кўтариб юрган фидойиларга умид бағишлаяпти. 2019 йилда 21 та давлатдан ижодкорлар қатнашган бўлса, жорий йилда 30 га яқин мамлакатдан бахшилар иштирок этяпти. Қатнашчилар сони йил сайин ортиб бормоқда. Улар орасида европаликлар ҳам, туркий халқлардан ҳам келган бахшилар бор. Қисқаси, фестиваль инсоният номоддий-маданий меросининг шаклланишида катта хизмат қиляпти», — дейди ҳукумат вакили.

Озодбек Назарбеков бу йилги фестивалнинг сарф-харажатлари учун қанча маблағ ажратилгани ҳақидаги саволга шундай жавоб қайтарди: «Мен ҳозир сизларга аниқ рақамни айта олмайман. Лекин олдинги ва бугунги кунда бўлаётган тадбирларнинг савияси, харажатларини солиштиринглар. Биз йилдан-йилга камроқ харажат қиляпмиз. Бу — факт. Мен кечаги ва бугунги рақамларни кўриб турибман».

Эслатиб ўтамиз, бахшичилик санъати фестивали илк бор 2019 йилда Сурхондарё вилоятида, 2021 йилда Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳрида ўтказилганди.