Telegram`даги Ekologuz каналида номаълум шахс томонидан мушук отиб, буғу эса бўғизлаб ўлдирилгани акс этган суратлар эълон қилинганди. Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказди.

Билдирилишича, ушбу ҳолатга алоқадор шахс Фарғона тумани «Марғилон» маҳалласида яшовчи фуқаро И.Ш. ҳисобланади.

Ўрганиш жараёнида у 2011−2021 йилларда Жанубий Кореяда ишлагани, ижтимоий тармоқларда ўзи томонидан эълон қилинган суратлардаги ҳолат ўша даврда рўй бергани таъкидланди.

Унинг айтишича, 2 йил аввал Кореядан қайтгач, хонадонида инкубатор ёрдамида товуқ жўжаларини кўпайтириш билан шуғулланган. Мушук эса ўша пайтда «жўжаларни еб кетаётгани учун» пневматик ов қуроли билан отиб, нобуд қилинган.

Хабарда буғунинг бўғизланиши билан боғлиқ ҳолатга изоҳ берилмаган.

отиб ўлдирди, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш

Фото: Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилояти бошқармаси

Туман ИИБ томонидан фуқаро И.Ш.га тегишли ов қуроли белгиланган тартибда олиб қўйилган. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар белгиланган тартибда ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилди.