Ижтимоий тармоқларда 15−18 ёш атрофидаги қиз ва икки нафар ўғил болани уйда психотроп модда истеъмол қилгани айтилган тарқалди. Тасвирда ички ишлар ходимлари бир хонада вояга етмаган қизнинг сумкасини текшираётганини кўриш мумкин. Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати мазкур ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 22 апрель куни Олтиариқ туманидаги Жарқўрғон МФЙда яшовчи фуқаро М. У «102»га мурожаат қилиб, шу маҳалладаги ўзига тегишли бўлган боғ шийпонига номаълум шахслар жанжал орқали кириб олганини айтган.

Шундан сўнг профилактика инспекторлари айтилган манзилга етиб борган. У ерда туманда истиқомат қилувчи Ф. М. ва Ж. О. ҳамда вояга етмаган 15−18 ёшдаги қиз ва йигит: М. Р ва Б. А. борлиги аниқланган. Уларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 45-моддаси (Фуқароларнинг турар жойи дахлсизлигини бузиш) ҳамда 183-моддаси (Майда безорилик) билан ҳужжатлар расмийлаштирилган ва жиноят ишлари бўйича Олтиариқ тумани судига юборилган.

Суд томонидан 4 май куни фуқароларнинг икки нафарига юқоридаги моддаларга асосан, БҲМнинг 3 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, фуқаро Ф. М. туман ИИБга мурожаат қилиб, ушбу видеони ижтимоий тармоқларга тарқатган шахсни аниқлаб, қонуний чора кўришни сўраган. Видеотасвирларни фуқаро Ҳ. Ҳ. тарқатгани аниқланиб, у Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 462-моддаси (Шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчиликни бузиш)га кўра, БҲМнинг 3 баробари миқдорида жаримага тортилган.

«Юқоридаги шахсларнинг ёнини кўздан кечириш жараёнида уларда психотроп моддалар ёки совуқ қуроллар аниқланмаганлигини маълум қиламиз. Фуқаролардан ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарларга расмий муносабат билдирилмасдан туриб, турли ноўрин хулосаларга бормасликларини сўраб қоламиз», — дейилади вилоят ИИБ ахборотида.